Бош прокуратура халқ артистининг видеомурожаатига эътибор қаратди
Ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистон халқ артисти Малика Ахмедованинг тергов ҳаракатларидан норози бўлиб йўллаган видеомурожаатига Бош прокуратура муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, видеомурожаатига асосан бугун М.Ахмедова Мирзо-Улуғбек тумани прокурори Алиакбар Пулатовнинг қабулига таклиф қилинган ва унинг тергов билан боғлиқ эътироз ва важлари тингланган.
“Қабул давомида М.Ахмедовага туман прокуратурасига тақдим қилинган жиноят иши тегишли тартибда ўрганиб чиқилганлиги ва тергов органига иш бўйича қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш ҳақида ёзма кўрсатма берилганлиги тушунтирилди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура.
Маълумот тариқасида: 8 апрель куни жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва судга юбориш учун туман прокуратурасига тақдим қилинган.
Аввалроқ, ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати терговга оид маълумотлар ва шахсга оид ахборот очиқланмаслигини билдирганди. platina.uz эса ички ишлар масъулларига на тергов сири ҳисобланган, на шахсга доир маълумот саналган муҳим саволларни кўндаланг қўйганди.