Яна бир ташкилотнинг 7 та давлат хариди бекор қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган мониторинг натижасида “Toshkent ko‘priklardan foydalanish” унитар корхонаси буюртмачилигида “etender.uzex.uz” портали орқали автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш учун 2023 йил 27 март куни соат 23:35 дан 28 март куни соат 00:44 гача жойлаштирилган эълонлар юзасидан 7 та лот бўйича жами 3 625,5 млн сўмлик давлат харидлари ноқонуний равишда ўтказилганлиги аниқланди.
Хусусан, харид комиссияси томонидан фойдаланилган компьютер IP-манзиллари маълумотлари ўрганилганида “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10, 14 ва 46-моддалари талабларига зид равишда корхона харид комиссияси раиси, аъзолари (овоз бериб баҳолаш ваколатига эга) ва комиссия котиби 2023 йил 27 март куни соат 23:35 дан 28 март куни соат 00:44 гача 7 та лот бўйича IP-манзили бир кишига тегишли бўлган компьютер орқали бошқарилиб, харид натижалари баҳоланганлиги ва баённома расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.
Ушбу давлат харидида иштирок этиб, барчасида ғолиб деб топилган тадбиркор ва бошқа иштирокчиларнинг ҳужжатлари электрон порталга буюртмачи фойдаланган IP-манзил орқали юкланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилди, тўпланган ҳужжатлар Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди ҳамда хизмат текшируви ўтказиш учун Автомобиль йўллари қўмитасига сўровнома киритилди.
Агентликнинг тақдимномасига биноан “Toshkent ko‘priklardan foydalanish” унитар корхонаси томонидан 2023 йил 1 апрель куни 7 та лот бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилинди.