Тошкент янги ҳокими пойтахтни ривожлантиришга 200 млн доллар ажратяпти
Бугунги ҳисоб-китобларга кўра 2,2 триллион сўмга тўғри келадиган бу пуллар ўтган йили ёзда Ортиқхўжаев ажратган пуллар миқдоридан анча кўп.
Жамият
6 апрель 2023 йил
Тошкентнинг янги ҳокими Шавкат Умрзоқов давлат бюджетидан пойтахтни ривожлантириш учун салкам 200 миллион доллар пул ажратишга қарор қилган.
2,2 триллион сўм миқдоридаги бу пуллар ўтган йили ёзда Ортиқхўжаев ажратган пуллар миқдоридан анча кўп.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши тасдиқлаган қарорга кўра, шаҳар маҳаллий бюджетининг 2023 йил давомида шаклланган қўшимча манбалари ҳисобидан:
- Тошкент шаҳар терма жамоаларининг Ўзбекистон чемпионати ва кубоклари ҳамда халқаро мусобақаларига хизмат сафари, ўқув-машғулот йиғинларига тайёргарлик кўриш ва иштирок этиш харажатлари учун 10 миллиард сўм;
- Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармасига қабристонларни ободонлаштириш, мукаммал таъмирлаш учун 15 миллиард сўм;
- Шаҳар марказий кўчаларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига йўлларни таъмирлаш ишларида зарур бўлган махсус техника ва механизмлар харид қилиш учун 7,4 миллиард сўм;
- марказий кўчаларга ва жамоат транспорти тўхташ бекатларига қўшимча чиқинди ташлаш қутилари (урна) ўрнатиш учун Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги Марказий авария диспетчерлик хизматига 3 миллиард сўм;
- 2023 йилнинг I ва II чоракларида 7 та марказий кўчани жорий таъмирлаш учун 30 миллиард сўм, асфалтбетон, темирбетон, бетон, брусчатка ва йўл битуми маҳсулотларини харид қилиш учун 10 миллиард сўм, жами 40 миллиард сўм;
- Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган бошқармалар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига дарахт ва бута ҳамда гул кўчатларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларга жами 15 миллиард сўм;
- Нукус шаҳридаги оғир турмуш шароитидаги оилаларга тегишли уйларнинг том қисмини таъмирлаш (ёпиш) ва авария ҳолатидаги уйларни янгидан қуриш ишларига 20,1 миллиард сўм;
- тасдиқланган объектларда қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича объектларнинг қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун танлов (тендер) савдоларини ўтказишга 88,8 миллиард сўм;
- Олмазор туманида “Ёшлар уйи”, “Спорт-соғломлаштириш марказлари” ва “Ёпиқ сузиш ҳавзасини” қуриш бўйича объектларнинг қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун танлов (тендер) савдоларини ўтказишга 21,6 миллиард сўм;
- Олмазор туманидан оқиб ўтувчи “Кайковус” каналининг Нурафшон айланма кўчаси ён қисмида қирғоқларни мустаҳкамлаш ва сайилгоҳ ташкил этиш бўйича объектда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ва танлов (тендер) савдоларини ўтказиш учун жами 3,3 миллиард сўм маблағ ажратилади.