Тошкентда икки аёл ўз фарзандларини сотаётганда ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳрида ўғил ва қиз фарзандини сотмоқчи бўлган икки нафар аёлни қўлга олди. Бу ҳақда “Uzreport” хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида туғилган 36 ёшли аёл жорий йилнинг 3 февраль куни туғилган ўғил фарзандини 40 минг долларга сотаётган вақтда ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.
Шунингдек, Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи аёл жорий йилнинг 3 февраль куни туғилган қиз фарзандини Тошкент шаҳрида 20 минг долларга сотишга келишиб, ушбу суммадан 11500 долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.