Тошкентда 4 та газ "заправка" 7 млрд сўмлик табиий газ талон-торож қилгани аниқланди
Тошкент шаҳридаги 4 та АГТКШ томонидан 7,1 млрд сўмлик табиий газ талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 13-29 март кунлари «Ўзенергоинспексия» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган назорат тадбирларида тадбиркорлик субъектларига қарашли 4 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Мазкур ноқонуний ҳолатлар натижасида давлат манфаатларига етказилган умумий зарар миқдори 7,1 млрд сўмни ташкил этган. Жумладан:
- Юнусобод туманида жойлашган АГТКШ томонидан 2,372 млрд сўмлик;
- Сергели туманида жойлашган АГТКШда 1,728 млрд сўмлик;
- Мирзо Улуғбек туманида жойлашган АГТКШда 1,607 млрд сўмлик;
- Учтепа туманида жойлашган АГТКШда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 1,392 млрд сўмни ташкил этган.
Ушбу ноқонуний ҳолатларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Ҳудудларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.