Чорвоқда одам суяклари топилгани ҳақиқат бўлиб чиқди
27 март куни телеграм-каналларда Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг пасайиши оқибатида юзага чиқиб қолган одам суяклари акс этган видео тарқалди.
Ушбу видео юзасидан Бўстонлиқ туман прокуратураси маълумот берди.
Аниқланишича, ушбу қирғоқда бундан бир неча йиллар аввал, Бўстонлиқ туманидаги “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони бўлганлиги, ушбу қишлоқда яшовчи аҳоли шу қабристонга дафн этилганлиги, “Чорбоғ” сув омборида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони сув остида қолиб кетганлиги, ҳозирда сув сатҳи пасайганлиги сабабли, қабристондан одам суяклари юзага чиққанлиги аниқланди.
“Чорбоғ” сув омборида ҳар йилнинг бошида сув сатҳи пасайиши натижасида бундай ҳолатлар кузатилиб турилиши маълум бўлди.
"Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади", - дейилади хабарда.