platina.uz

"Open budget" ҳам нохолис тизимга айланиб бормоқда”ми?

Турли ҳудудларда ўқитувчиларни "Open Budget"га овоз йиғишга жалб қилиш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Сурхондарё вилояти Ангор туманида ҳам ўқитувчилар "Open Budget"га овоз йиғишга жалб қилингани ҳақидаги видео тарқалди. Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсуддинов Platina.uz'га ушбу ҳолат ўрганилаётганини маълум қилди.
Жамият
24 март 2023 йил
"Open budget" ҳам нохолис тизимга айланиб бормоқда”ми?

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчилар "Open Budget"га овоз йиғишга жалб қилингани ҳақида видео тарқалди.

Маълум қилинишича, Ангор тумани "Навшаҳар" махалласида туманнинг 36-мактаб ўқитувчилари бугун иш куни бўлишига қарамасдан овоз йиғишган. Ўқитувчиларнинг айтишича, бу бўйича раҳбарлар топшириқ берган.

Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсуддиновнинг Platina.uz'га хабар беришича, бу ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари бошланган.

Аввалроқ эса жамоатчилик фаоли, собиқ депутат Расул Кушербаев ҳам Наманган вилоятининг Уйчи туманида ўқитувчилар "Open budget"га овоз йиғишга мажбурланаётгани ҳақида маълум қилганди.

“Биз ўқитувчилар Наманган вилояти, Уйчи туманидан мурожаат қиляпмиз.
Бугун иш кунимиз ишга чиқдик. Аммо лекин директоримиз "Open budjet" га 100 тадан овоз йиғасан, деб ҳаммани кўчага ҳайдаган.
Ёшимиз 50 дан ўтганда кўчама-кўча юриб, овоз йиғаяпмиз.

Минг лаънат шу "Open budjet"ига. Яна ўқитувчи сарсон. Қачонгача бундай ноҳақликларга чидаш мумкин?
Уйчи туманида барча мактабларда шу аҳвол. Илтимос, сиздан шу нарсага ойдинлик киритишда амалий ёрдам беринг” дейилади ўқитувчилар номидан йўлланган мурожаатда.

Шунингдек, Андижоннинг Андижон, Шаҳрихон, Олтинкўл, Фарғонанинг Риштон, Қува туманлари, Наманган шаҳридан ҳам худди шундай мурожаатлар бўлганини қайд этган Расул Кушербаев.

“Барчасида битта масала: директоримиз овоз йиғишга мажбурлаяпти. Бунга ҳаққи борми? Бу мажбурий меҳнат эмасми? "Open budget" ҳам нохолис тизимга айланиб бормоқда” деб ёзган у мазкур масаладаги мурожаатларга муносабат билдираркан. Шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳудудлардаги бошқармаларига ўқитувчиларни бунга мажбурламаслик масаласида алоҳида кўрсатма юбориб, мажбурлаётган мактаб раҳбарларига чора кўришни бошламаса бўлмаслигини таъкидлаган.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола УМАРОВА ҳам айни пайтдаги муҳим масалага эътибор қаратиб, қуйидагича муносабат билдирган:

“Маълумки, 2021 йилда тажриба тариқасида бошланган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўтган 2 йил давомида халқимиз томонидан илиқ қабул қилинди. Бугунги кунда юртдошларимиз ўз ҳудудидаги ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалаларни “Open budget” порталига жойлаб, овоз йиғиш орқали ушбу ташаббусда ғолиб бўлиш учун ҳаракат қилишмоқда.

Ушбу порталга жойланаётган ижтимоий лойиҳалар орасида мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини таъмирлаш ишлари ҳам етакчилик қилади. Албатта, ушбу жараёнда ўқитувчилар, ўқувчилар ҳатто ота-оналар ҳам ташаббус кўрсатиб, ўзлари меҳнат қилаётган, таълим олаётган ёки фарзандлари таҳсил олаётган таълим даргоҳини обод қилиш учун овоз беришда шахсий ташаббус кўрсатмоқда.

Бироқ ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга ушбу лойиҳада овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, топшириқни бажаришга бееътибор қараётган ўқитувчиларга керакли чора кўриш билан таҳдид қилинаётганлиги тўғрисида хабарлар тарқалиб, улар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жиддий ўрганилмоқда.
Айни вақтда “Вазирга мурожаат” порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган”.

Шунингдек, вазир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 14-августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланишини алоҳида эслатиб ўтган.

Яна агар таълим масканда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71-202-09-09 га қўнғироқ қилишни сўраган Ҳилола УМАРОВА.

“Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!” деган вазир.

Дарвоқе, Мактабгача ва мактаб таълими вазири эслатганидек, яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланди.

Унда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо назарда тутилмоқда. Яъни педагог ходимни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма Жиноят кодексига киритилмоқда.

“Шундай экан, ўқитувчиларимизнинг касбий ҳуқуқлари Давлатимиз назоратида, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга йўл қўйилмаслигини унутмаслигингизни сўраймиз” вазир муносабати сўнгида.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вазиятни ўрганиши ҳақида маълум қилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса бу бўйича прокуратура муносабат билдириши кераклигини билдирди. Бош прокуратура овоз бериш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга қандай муносабат билдиради?

Бош прокуратура: “Мурожаат қилинса, ўрганиб чиқилади ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади”

Хаёт ШАМСУТДИНОВ, Бош прокуратура матбуот котиби:

– Ўқитувчилар овоз беришга мажбурланаётганлиги ҳақида вазирликдан хат ёки ўқитувчиларни ўзидан шикоят келиб тушса, албатта кўриб чиқилади. Агар шундай ҳолат кузатилса, нафақат Бош прокуратура, балки ҳудудий прокуратураларга мурожаат қилинса, ўрганиб чиқилади ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+