platina.uz

Москвада Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди

Москва шаҳридаги қурилиш обектида ишлаётган 50-60 нафар фуқаро иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди. Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 40 га яқин ходим қўлга олиниб, вазиятга ойдинлик киритиш учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
Жамият
21 март 2023 йил
Москвада Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлди

Ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида Москвадаги қурилишда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари оммавий муштлашгани ҳақида хабар тарқалди.

Москва шаҳридаги “Ант Япи” корхонаси қурилиш обектида ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги қуйидагиларни маълум қилди.

Консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари воқеа жойига бориб, обектда қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилганини, ишчиларнинг яшаш жойи ва ҳудуд полиция ҳимояси остида эканига ишонч ҳосил қилди.

Маълум бўлишича, оммавий муштлашувга шу йилнинг 18 март куни ошхонада навбат кутиш вақтида юзага келган тушунмовчилик сабаб бўлган. Тортишув 50-60 нафар фуқаро иштирокида оммавий муштлашувга айланган.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган ички ишлар ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 40 га яқин ходим қўлга олиниб, вазиятга ойдинлик киритиш учун ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Таъкидлаш керак, мавжуд маълумотларга кўра, қўлга олинганлар сўроқ қилиниб, тушунтириш хати ёзилгач, қўйиб юборилган.

"Оғир тан жароҳати олган ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Яқин кунларда консуллик бўлими ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари вазиятга ойдинлик киритиш учун қурилиш компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда" дейилади хабарда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+