Покистон собиқ бош вазири судга борадиган бўлди
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон расмийлар уни ҳибсга олишга уриниб, қонундан ташқари ҳаракат қилаётганини айтди. Полиция собиқ бош вазирни ҳибсга олишга уринганида унинг тарафдорлари билан тўқнашув юз берди.
“Уларнинг барчаси мамлакат қонунларига бўйсуниши керак”, — дея Имрон Хон уни ҳибсга олмоқчи бўлганлар ҳақида гапирган.
Сиёсатчи бош вазир лавозимида бўлган вақтида давлат совғаларини сотишда айбланган. У бу иш сиёсий мотивларга эга бўлганини қайд этган.
Хоннинг Лаҳор шаҳридаги уйи яқинида полиция уни ҳибсга олиш учун келганида сиёсатчининг тарафдорлари билан кескинлик авж олган. Офицерлар тош ва ғишт отаётган Хоннинг тарафдорларини тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган.
Хоннинг таъкидлашича, полиция уни 14 март куни ҳибсга олишига “ҳеч қандай сабаб” йўқ, чунки у 18 мартгача ҳимоя гарови олган. У ҳукумат аввалги муваффақиятсиз уринишдан кейин уни қамоққа олишга қатъий қарор қилганини айтган.
“Мен тунни камерада ўтказишга руҳан тайёрман. Қанча кеча ўтишини билмайман, лекин бунга тайёрман”, — деган у.
Имрон Хон унинг партиясининг бўлажак сайловларда иштирок этишини тўхтатиш учун расмийлар уни ҳибсга олишга уринаётгани даъво қилган.
Ҳукуматга кўра, ҳибсга олиш жараёнининг сайловларга алоқаси йўқ ва полиция уни коррупция иши бўйича ҳибсга олиш тўғрисидаги суд қарорларинигина бажармоқда. Хон ўзининг партия ходимлари, аёллар ва болалардан ҳибсдан қочиш ва тартибсизликларни кучайтириш учун тирик қалқон сифатида фойдаланаётгани айтилмоқда.
Имрон Хон 14 март куни полиция ва тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлардан бир неча соат ўтиб, уйи олдида тарафдорлари билан кўришган. У оломонга мурожаат қилиб, Лаҳор шаҳридаги қароргоҳи ёнида йиғилганлар билан суратга тушган. Сиёсатчини ҳибсга олиш амалиёти ҳозирча тўхтатилган.
Хонни ҳибсга олиш сиёсатчининг уйига яқин жойда крикет турнири ўтказилиши учун тўхтатилгани, сабаби қарама-қаршилик катта тирбандликларга сабаб бўлиши айтилган.
“Geo” телеканали хабар беришича, Покистоннинг собиқ Бош вазири ва мухолифатдаги “Адолат Ҳаракати” партияси раиси Имрон Хон суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун 18 март куни эрталаб Лаҳордаги қароргоҳини тарк этган. Исломободда эса Имрон Хонга қарши иш кўриб чиқилаётган вақтда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.