platina.uz
Жамият

Ҳокимлар тайинловига чеклов қўйилди, аммо муддати аниқ эмас

Янги Конституция билан давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимга сайланиши (тайинланиши) тақиқланяпти. Тасаввур қилинг, ҳокимларни халқ сайласа, ҳаёт қандай бўлади?
Ҳокимлар тайинловига чеклов қўйилди, аммо муддати аниқ эмас

Янги Конституция билан давлат ҳокимиятининг бир қатор лавозимларига нисбатан бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ лавозимга сайланиши (тайинланиши) тақиқланяпти.

Улар қуйидагилар:

▪️президент;
▪️Қонунчилик палатаси спикери;
▪️Сенат раиси;
▪️вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари кенгашининг раиси;
▪️ҳоким;
▪️Олий суд раиси ва ўринбосари;
▪️Судьялар олий кенгаши раиси ва ўринбосари;
▪️Марказий сайлов комиссия раиси;
▪️бош прокурор.

Бу ерда ҳокимлар қачон тайинланиб, қачон ишдан олиниши номаълум. Уларнинг тайинланиш муддати ҳақида гапирмай туриб, 2 марта кўп лавозимда ўтирмаслиги ҳақида қоида киритиляпти.

Ҳозир вилоят ҳокимлари давлат раҳбари томонидан тайинланади ва ишдан бўшатилади. Туман ва шаҳар ҳокимларини вилоят раҳбарлари тайинлайди ва бўшатади. Бўшатилган амалдор кўп ҳолатда жиноий иш очилиб, қамалиб ё сазойи бўлиб ишдан олинади. Яхшиликча кетадигани бармоқ билан санарли.

Нега шундай? Чунки ҳокимият қўлидалигини билган, англаган одам кўп нарса қилгиси келиб қолади, йиғиб-териб, ўмариб, уй-машина олиш қутқусида бўлади. Сабаби у қачон ишдан бўшаб кетишини билмайди.

Тайинланган ҳоким номига халққа кўриниш беради, сайёр қабул ўтказиб, ваъдалар қилади. Чунки у ҳам вилоят ё давлат раҳбарига бу ҳақда ҳисоб топшириши керак. Халқ дардига қулоқ осаётгандек кўрсатмаса, тагидаги курсисига хавф тушади. Нима осон — халқни ширин ваъдаларга ишонтириш осон!

Тасаввур қилинг, ҳокимларни халқ сайласа, ҳаёт қандай бўлади? Аввало сайланган одамга камида 5 йил муддат берилади ва у шу вақт ичида сайловда халққа берган ваъдаларини бажариб улгуриши керак. Чунки аҳоли унга шу ваъдалари учун овоз берган, сайлаган.

Демак, сайланиб бўлгач, 5 йилгача унга ҳеч ким тегмайди, ишдан бўшатиш ё бошқа хатарлар бўлмайди. Ҳоким бемалол ўз ишини қилиши мумкин (майли, орада йиғиб-терсин, уй-жой қилсин, лекин ваъдасининг ҳам устидан чиқсин). Ҳозир фақат биттасини кўряпмиз.

Агар халққа сайланган ҳокимнинг ишлари ёқса, у иккинчи муддатга яна сайланиши мумкин. Буни ўша раҳбар ҳам жуда яхши билади ва шунга қараб ҳаракат қилади. Кўряпсизми, бунда халқ ва раҳбар орасида чинакам (қоғозда ё гапда эмас) кўприк пайдо бўлади.

Ҳозир кўп эшитамиз, одамлар сайлашга тайёр эмас. Бўлмаган гап, очиқ бюджетдаги натижалар халқ кўп нарсага тайёрлигини кўрсатди. Аслида бу ўша ҳокимлар ё раҳбарлар ўз курсисини ўйлаб чиқарган гап холос. Яққол мисол, президентни халқ сайлайди-ку, ҳоким ким бўлибди?

Аксар ривожланган давлатларда ҳокимлар сайланади. Солиштиришда қўшни Қозоғистондан фойдаланамиз. Қозоқлар туман ҳокимларини аллақачон сайлайди. Бу йилдан вилоят ҳокимларини ҳам сайламоқчи.

Орадаги фарқни билдингизми? Тайинланган ҳоким фақат ўзини ўйлайди, сайлангани эса халқни ҳам (ўзини ҳам балки) ўйлайди, ширин ёлғон ваъдалар билан қутулиб, иссиқ хонасида, ойнаси қора катта машинасида ўтирмайди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid