Андижонда калтакланган 14 ёшли ўсмирнинг бугунги ҳолати маълум бўлди

Мушоҳадали одамлар "Болаларнинг ўртасига тушиб бўлмайди. Улар бугун уришиб, эртага ярашиб кетаверишади" деб қўйишади ва шунга амал қилишади. Аммо Андижон вилоятида шаҳрихон туманилик 43 ёшли эркакнинг икки ўсмир ўртасидаги келишмовчиликка аралашиб, 14 ёшли болани уриб дўппослагани акс этган видео кўп муҳокамаларга сабаб бўлди.
“Марказий студия” дастурида очиқланган воқеа тафсилотларига кўра, ўзидан 29 ёш катта, отаси тенги одам томонидан шафқатсизларча калтакланган 14 ёшли ўсмир мактабдан кейин Шаҳрихон туманида жойлашган дўконнинг юмушларига ёрдам бериб юрган. Унинг хатоси эса зўравонлик йўлини тутган шахснинг 13 ёшли жиянига қўл кўтаргани экан.
"У мактабга кетаётганида бизнинг ёнимизга кириб, ҳазил қилиб, мени камситиб, устимдан кулди. Огоҳлантиришимга қарамасдан барибир бу ҳол давом этди. Шундан сўнг уришиб кетдик, ўша пайт боши қонаган экан. Мен билмагандим. Кейинроқ дўконда кимдир "Мана шу" деганини эшитдим, шу пайт қарасам, бир ёши катта тоға қаршимда турибди. Савдо қилади, деб ўйлагандим. Кутилмаганда мени уриб, тепиб, дўппослаб кетди. Ҳамма жойим оғрияпти" дейди жабрланувчи ўсмир йигит.
Шаҳрихон туман марказий касалхонаси шифокори Расулжон Мамажонов сўзларига кўра, калтакланган ўсмир шифохонанинг қўшма шикастлар бўлимига тан жароҳати билан мурожаат қилган.
“Бемор келганда дастлабки кўрик натижасида унинг юзи ва баданида шилинган, шикастланган жойлар аниқланган. Беморга керакли текширувлар қилинди. Ҳозирда олинган муолажалардан кейин, умумий аҳвол меъёрлашган”.
Болани уриб, тепиб ташлагунича дўкондаги гувоҳлар бошида томошабиндек туришмаганида жазаваси тутган эркак балки ўпкасини босиб олган бўлармиди?
Жамоатчиликнинг қаттиқ эътирозига сабаб бўлган мазкур воқеа устидан иш очилганми ёки йўқ?
Шу ҳақида Шаҳрихон туман ички ишлар бўлимидан интервью олишга уринган Маракзий студия журналистининг мурожаати афсуски жавобсиз қолган.
Андижон вилояти ИИБ матбуот хизмати эса зўравонлик ҳолати юзасидан терговга қадар текширув бошланганлигини ижтимоий тармоқ орқали маълум қилган.
Аҳолининг ҳамма қатлами ҳам ички ишлар органлари юритаётган сайт ёки ижтимоий тармоқ саҳифалари – каналларга аъзо эмас!
Шунинг учун улардан ОАВ ходимларига очиқ бўлишларини сўрамоқда “Марказий студия” инофрмацион дастур ижодкорлари.




