“Тепадагилар”га мурожаат: замон зўрникими?
Муҳокамаларга сабаб бўлган ўқитувчи мурожаатидаги директорнинг хатти-ҳаракатлари бўйича Бош прокуратура муносабат билдирди!

Калтакланган ўқувчи ва қалби қон йиғлаётган ўқитувчи воқеасининг асл сабаблари, яъни “икки қўлдан чиқаётган қарс” бугуннинг аччиқ ҳақиқати!
Икки кундан буён муҳокама бўлаётган пойтахтдаги мактабларнинг бирида ўқитувчи ўқувчини калтаклагани тасвирланган видеодаги воқеадан кейинги жараёнлар кутилмаган тус оляпти. Ўқувчига муносабати учун жазоланган ўқитувчи халққа мурожаат билан чиқиб, қилмишига иқрорини билдирди. Шу билан бирга ушбу ҳолат ортида воқеа содир бўлган мактаб муассасасидаги носоғлом муҳит, ноқонуний хатти-ҳаракатларни очиқлади.
Эслатиб ўтамиз, мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келган низоли ҳолат бўйича ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Суд қарори билан ўқувчининг онаси ва мактаб ўқитувчисига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилган.
“Халқим, бугун қалбим қон йиғламокда”
“Ассалому алайкум, халқим! Мен шу видеороликдаги ўқитувчиман. Биология фанидан дарс бераман, 20 йиллик стажига эгаман. Олий тоифалиман. Магистратурани ҳам ўқиб битирганман.
Видеоролик ҳақида ҳар фикрларни ўқидим, ижобий ҳам, салбий ҳам. Ҳар бир инсоннинг ўз фикри бор. Лекин асл ҳолатни ўзимдан эшитсангиз, дегандим. “Миллар” кўрсатуви бошловчиси, сиз ҳам ўқинг ва кейинги сафар бирор воқеани ёритаётганингизда, тарқатган видеоролик бўйича эмас, воқеанинг ҳақиқатда қандай бўлганлиги тўғрисидаги суриштирувни олиб боришингизни маслаҳат берар эдим.
Видеороликда ўзим тан оламан, ўта қуюшқондан чиқиб кетганим кўринган. Лекин бу видео тўлиқ видео эмас, провокацион моментлар қирқиб ташланган. Энг асосийси — бу уюштирилган.
Ким уюштирган, нима учун уюштирган, деган саволларга жавоб бераман.
Мактаб директори Мавлянова Марзия Даврановна 30 йилдан кўпроқ шу мактабда фаолият олиб боради. 30 йил директор бўлгандан кейин, таьлимда ишлайдиганлар билади, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмайди. Шу мактабдаги 5 йиллик фаолиятим натижасида ноқонуний пул йиғимларига қарши турдим.
Мактаб штат бирлигида турадиган қоровулни ота-оналарга қўриқлаш хизматидан "охрана" деб таништириб, бола бошига 30 минг сўмдан пул йигиб олар эди (мактабда 3 мингга яқин ўқувчи ўқийди, йиғиладган суммани тасаввур қилинг).
Бечора ўқитувчи ўз меҳнати учун бериладиган устаманинг ҳам ярмини директорга "доля" сифатида қайтариб бериши керак. Синф ўқувчиларидан (шароити оғирми, енгилми, фарқи йўқ) фонд йиғиб бермасангиз, мендек ёки тузоққа тушасиз, ёки босим остида қоласиз. Ўқитувчи халқи нимаям дейди, “майли, олақолсин, дарсини берсин, тирикчилигимни қилай”, дейди.
Менинг айбим — шу ноқонуний йиғимларни йиғишга қарши бўлганим. Ўтган ўқув йилида бир устознинг шикоят хати кетидан мактабни прокуратура текширди. 40-50 млн сўм камомад чиқди. Шу текширув пайтида пул йиғимларини ҳақиқатда йиғилишини тасдиқлаб берганим учун директор кун бермай қўйди, десам ҳам бўлади. Ҳаттоки, ички ишлардан ҳимоя ордери ҳам олишга мажбур бўлдим. Очиқдан-очиқ “ишдан бўша, аризангни ёз”, дея турткилайверди. Аризамни ўзим ёзмаганим учун шунақа тузоқлар қўйишини бошлади. Бу видеоролик ҳам шунақа тузоқлардан биттаси.
Мактабда ишлайдиганлар билади, камеранинг “доступи” фақат директорнинг хонасида бўлади. Видеони ҳам унинг ўзи тарқатди. Ҳаттоки ўқувчининг онасини чақириб, “боламнинг ўзида айб экан, ёмон сўкибди устозни, китоб дафтари ҳам йўқ экан”, дейишига қарамасдан, мажбурлаб ариза ёздирибди.
Бугун судда ойиси йиғлаб кечирим сўради.
Халқим, бугун қалбим қон йиғламокда. Ўзим севган касбдан мажбурлаб бугун ариза ёздиришди. “Тепадагилар” қўймаётганмиш.
Ҳурматли “тепадагилар”, сизларга бир инсоннинг тақдирини ҳал қилиш шунчалар осонми? Суриштирмай ҳайдаб юбориш шунчалик осонми? Сизга тўғрисуз ўқитувчилар керакмасми? Унда битта таклиф, пединститутларга “ялоқилик қилиш техникаси ва унинг фойдалари” деган фанни қўшинглар, токи келажакдаги ёш авлод мендек қийналиб юрмасин, мендек бечора бўлиб қолмасин!
Мен бугун йиғлаб ўзимга қасам бердим, бошқа ўқитувчилик қилмайман, ортиқ ўқитувчилик қилмайман... Майли, оч қолай, майли бечора бўлай, ортиқ ўқитувчилик қилмаганим бўлсин!
Замон зўрники экан. Бу гапларни ёзишимдан мақсадим — кимнингдир раҳмини келтириш ҳам эмас, қалбимдан портлаб чиқаётган туйғуларимнинг миллиондан бирини етказишга ҳаракат қилдим.
Шу хабарни имкон даражада кўпроқ тарқатинг, кўпроқ одам ўқисин. Токи, фикрлар ўзгарса, токи келгуси ҳаётимизда ўқитувчига нисбатан қарашлар янаям ўзгарса.
Халқим, сизнинг фарзандларингизни севиб қолувчи, Яшнобод туманидаги 152-мактабнинг собиқ ўқитувчиси Гулчеҳра Мамажонова”.
Буни жамият учун сигнал деб қабул қилиш лозим!
Ўқитувчининг ушбу мурожатида бугуннинг аччиқ ҳақиқати – гарчи ўтган йиллар давомида таълим ислоҳотида жуда кўп имкониятлар, шароитлар, рағбатлар жорий қилинган бўлса-да, ҳали ҳам бу ўзгаришларга соя солаётган ҳолатлар, ортиқча йиғимлар, директорларнинг ўзимга хон, кўланкам майдон қабилидаги эскича ёндашувдан қутулолмаётгани, энг ачинарлиси фарзандлар тарбиясида ноқисликлар рўй рост очиб берилгани жамият учун яна бир ҳушёрликни оширишга ундовчи сигнал сифатида қабул қилиниши керак. Ўқитувчиларга давлат томонидан берилаётган эътибор ва ғамхўрлик, жорий йил номига мутаносиб равишда сифатли таълим учун уринишларни айрим нафсига қул раҳбарлар пучакка чиқаришига йўл қўйиб бўлмайди. Кечагина муҳокамалардан ўтган Конституцияда ҳам айнан ўқитувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларнинг обрўси ва шаъни учун алоҳида эътибор берилгани ҳам бежиз эмас. Шундай экан, 152-сонли мактаб билан боғлиқ ҳолатлар биттама-битта ўрганилиши керак. Барча мактаблардаги вазиятни ана шу мурожаатда келтирилгани каби ҳолатлар асносида таҳлил қилиш шарт ва зарур.
Директорнинг хатти-ҳаракатлари ўрганиладими?
Platina.uz Бош прокуратура матбуот хизматига ўқитувчи мурожаатида келтирилган директорнинг хатти-ҳаракатлари ўрганиладими, деган савол билан мурожаат қилди. Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт ШАМСУТДИНОВ ушбу ҳолатлар албатта ўрганилишини маълум қилди.
Вазирлик: “Ишчи гуруҳ тузилди, носоғлом муҳит ҳақидаги мурожаат ўрганиляпти!”
Маълум қилинишича, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг кўрсатмасига асосан Тошкент шаҳридаги 152-мактабда юзага келган ҳолат ҳамда мактабдаги таълим ва тарбия жараёнларини ўрганиб чиқиш бўйича вазирлик Ишчи гуруҳи тузилибди. Вазирлик ушбу ҳолат бўйича ўрганишларда жамоатчилик фаоллари иштирок этиши мумкинлиги, икки томонни ўргангач, холис ахборот тарқатишни сўраган.
Ҳилола УМАРОВА, Мактабгача ва мактаб таълими вазири:
– Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинаётган мактаб ўқитувчиси ва ўқувчи ўртасидаги зиддиятли вазият ҳамда унинг оқибатлари шу соҳа раҳбари сифатида мени чуқур ўйга солди.
Хавотирим шуки, биз бугун фарзандларимизнинг нафақат билим олиши, балки тарбиясини ҳам бутунлай мактабга юклаб қўйганмиз. Баъзи ота-оналарнинг ўз фарзандлари тарбияси ва хулқи юксалишидаги ўрни кундан кун камайиб бораётгандек.
Таниқли жадид олими Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир” деган чақириғи билан бизни тарбия масалаларига катта эътибор беришимиз зарурлигидан ўша даврдаёқ огоҳ этган.
Бугунги замонавий дунёда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабатлар эркин олиб борилиши уларнинг ўзаро мажбурият ва масъулиятларидан озод қилмаслиги зарур. Ўқитувчи билим бериш асносида ўз шогирдларига дўст, ўқувчилар ҳам устозига катта ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозим. Буюк мутафаккир Имом Ғаззолий “Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади” дея ушбу нозик жараённинг аҳамиятини очиб берган.
Ўқитувчиларимиз ҳам унутмасликлари керакки, улар ўзи таълим бераётган ўқувчиларнинг дунёқараши ва шахсияти шаклланишидаги энг катта таъсир кўрсатувчи инсонлардир. Устознинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳаракати шогирднинг хотирасида муҳрланади ва унинг келажак йўлини ёритишда хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасидаги катта ташаббуслар ортида ҳам ўқитувчига бўлган катта эъзоз мужассамдир. Айни вақтда лойиҳаси тайёрланаётган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда ҳам ўқитувчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада ошириш каби муҳим ҳаётий заруратлар белгиланмоқда.
Мақсад катта ва эзгу. Устозларимиз ҳам давлатимизнинг ушбу эътиборини юракдан ҳис қилган ҳолда, ўқувчиларга нафақат билим бериш, балки уларнинг юксак тарбияли ва гўзал хулқли инсонлар бўлиб етишишларида ғамхўрлик қилишлари мақсадга мувофиқдир. Бунда шахсий намуна энг таъсирчан чоралардан биридир.
Ҳурматли ота-оналаримиз ҳам фарзандларининг маънавий етук бўлиб камол топишларида ўз бурчларини унутмасликларини, кўз қорачиғимиздек асраб келаётган болаларимиз келажаги учун ўқитувчилар билан доимий ҳамкорлик қилиб боришларини истаймиз.
Зеро, болага бугун берилган бир ҳикмат ёки тарбия эртага келажак биносига минг ғишт бўлиб қўйилади.
Аббос ИМОМОВ




