platina.uz

Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар мавжуд?

Ўзбекистон Адлия вазирлиги қонунчиликда аёлларга қандай имтиёз ва енгилликлар кўрсатиб ўтилгани бўйича маълумот берди.
Жамият
8 март 2023 йил
Ўзбекистонда аёлларга қандай имтиёзлар мавжуд?

Адлия вазирлиги Ўзбекистон қонунчилигида аёлларга қандай имтиёз ва енгилликлар борлиги бўйича маълумот берди.

Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади

Хотин-қизларга тадбиркорликни йўлга қўйиш учун Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 3 йилгача ва 6 ойгача имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада 33 миллион сўмгача кредитлар ажратилади.

  • Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби маъқулланган дастурлар асосидаги ўқув курслари;
  • “Ишга марҳамат” мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ёки нодавлат таълим муассасаларининг касбга ўргатиш ўқув курсларининг махсус ўқитиш дастурлари.

Аёлларни пенсия ёшига тўлгани сабабли иш берувчи ташаббуси билан ишдан бўшатиш тақиқланади.

Бунда аёлларнинг пенсия ёшига тўлгани ёки ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келгани сабабли номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш мумкин эмас.

Айрим тоифадаги хотин-қизларга ОТМга кириш учун тавсиянома берилади.

Эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга олий таълим муассасалари киришда давлат гранти асосидаги қабул доирасидаги танловда иштирок этиш учун тавсиянома берилади. Тавсиянома қуйидаги мезонлар асосида тақдим этилади:

  • кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар;
  • тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни отаси ёки онаси ёхуд уларнинг иккаласи ҳам вафот этган ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар;
  • турмуш ўртоғи вафот этган, вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбиялаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар;
  • ногирон фарзанди бор эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар;
  • 2 ва ундан ортиқ фарзандини тарбиялаётган, қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёлларнинг қиз фарзандлари;
  • ота-оналаридан бири ёки ҳар иккиси ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар.

Тавсиянома олиш учун туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига электрон шаклда мурожаат қилинади.

«Аёллар дафтари»га киритилганларга 5 млн сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкин.

«Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган қуйидаги хотин-қизлар киритилади:

  • ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
  • тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
  • боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
  • ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
  • уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
  • қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд хотин-қизлар.

Ишлайдиган оналарга болани овқатлантиришга танаффус берилади.

2 ёшга тўлмаган болали аёлларга болани овқатлантириш учун (ўзига берилган дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари) камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган танаффус берилади.

2 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп болали аёлларга танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади. Мазкур танаффуслар учун иш ҳақи камайтирилмайди.

Болали аёлнинг хоҳишига кўра танаффуслар дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши ёки умумлаштирилиб, иш кунининг бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни шунга яраша қисқартирилиши мумкин.

Хотин-қизларнинг касб ўрганишга қилган харажатларини давлат тўлаб беради.

Бунда хотин-қизлар нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқиганда қилган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган харажатлар давлат томонидан қоплаб берилади.

7. «Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади.

Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди.

Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари — ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
  • кўп болали оилаларнинг болалари;
  • етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
  • «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
  • контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари — ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
  • талабалар ва педагогларнинг болалари;
  • акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
  • кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари — бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).

8. Оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилади.

Уй-жойга муҳтож хотин-қизларга бериладиган арзон уй-жойлар тўловининг:

  • 10 фоизи Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси, талабгор ишлаётган ташкилот ва бошқа манбалар ҳисобига (бошланғич бадал сифатида);
  • 90 фоизи банкларнинг имтиёзли кредитлари ҳисобига қопланади.

Аризалар туман ҳокими бошчилигидаги ҳудудий комиссияга берилади.

9. Фаол ва ташаббускор хотин-қизлар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тақдирланади.

Мазкур кўкрак нишони билан:

  • жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган;
  • ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган;
  • соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизлар тақдирланади.

10. 12 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўшимча таътил берилади.

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан кўп боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили 3 иш кунидан кам бўлмаган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади. Шунингдек, уларнинг хоҳишига кўра ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган иш ҳақи сақланмаган таътил берилади.

Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки алоҳида фойдаланилиши мумкин.

11. Айрим хотин-қизларнинг контракт пули давлат томонидан тўлаб берилади.

Хусусан, магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини қоплаб бериш тартиби белгиланган. Магистратурада тўлов-шартнома асосида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт суммасини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби тасдиқланган. Бунинг учун талабгорлар 15 сентябрга қадар ўзлари таълим оладиган муассаса ректори номига ариза билан мурожаат этишлари талаб қилинади.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан ҳар бир ҳудуддан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз 100 нафар аёлларнинг тўлов-контракти ҳокимликлар томонидан ҳар йили тўлаб берилади. 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

12. 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар енгилроқ ишга ўтказилади.

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаганида боласи 2 ёшга тўлгунгача енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи ишга ўтказилади. Бунда аввалги ишидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

13. Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайди.

Қуйидаги тоифадаги шахсларни ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати қўлланмайди:

  • ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;
  • корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларга;
  • ходим билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилган ҳолларда.

14. Раҳбарлик лавозимига танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштироки таъминланади.

Давлат хизматидаги лавозимларни, шу жумладан, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун танловда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг равишда иштирок этиши таъминланиши керак.

Давлат органларининг кадрлар хизматлари зиммасига танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбий тайёргарлиги тўғрисидаги маълумотларни, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни ҳам тақдим этиш мажбурияти юклатилади.

15. Айрим аёллар 53 ёшда пенсияга чиқиши мумкин.

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқаргани ёхуд корхонанинг тугатилгани муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган аёллар 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади.

16. 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинади.

Ҳукумат қарори билан коллеж ёки техникум дипломидаги мутахассислиги бўйича 5 йил иш стажига эга хотин-қизлар контракт асосида ОТМга қабул қилинади. Бунда тавсияномага эга абитуриентлар орасида алоҳида тест ўтказилади, улар орасидан юқори балл тўплаган 500 нафаригина ОТМга кира олади.

17. Хотин-қизларга 7 йилга фоизсиз таълим кредити берилади.

Президент қарорига кўра, олий ҳамда ўрта махсус ва профессионал таълимда таҳсил олувчи хотин-қизларга 7 йилга 14 фоизлик таълим кредитлари ажратилади. Бунда фоиз ставкаларини Молия вазирлигининг жамғармаси қоплаб беради. Хотин-қизлар эса асосий қарзни ўқишни тамомлагач, 7 йил давомида тўлайди.

18. Ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ишга олганларга субсидия берилади.

Президент қарори билан меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаган иш берувчилар учун 6 ой давомида ҳар ойда БҲМнинг 2 баравари (600 минг сўм)дан кам бўлмаган миқдорда субсидия ажратилади.

19. Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жавобгарликлар кучайтирилмоқда.

Ўзбекистонда хотин-қизлар, болалар ва кекса ёшдаги ота-оналар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 18 ёшга тўлмаганларнинг номусига тегиш, зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни қондириш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, уларга нисбатан амнистия қўлланмайди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+