Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ишдан олинди
Ботир Алимбеков бу лавозимга 2024 йил январда тайинланганди. У вилоят қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмагани, тайёр тизимни ишлатмагани учун лавозимидан озод этилган.
Тошкент вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков ишдан олинди. Бу ҳақда президент ўтказаётган йиғилишда маълум қилинди.
Тошкент вилоятида қишлоқ ерлари Андижондан 1,5 карра кўп. Лекин, етиштириладиган маҳсулот ҳажми бир хил. Вилоятда 1 гектардан ўртача даромад Андижондан 2 карра, Наманган ва Фарғонадан 1,5 баравар, Бухородан 1,3 бараварга кам.
Сўнгги уч йилда вилоятдаги 21 минг гектар ер деҳқончилик учун 51 минг нафар аҳолига берилди. Лекин, йил бошидан бор-йўғи 72 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт бўлди. Бу – ўтган йилгидан кам.
Вилоятдаги самарасиз 2 минг 200 гектар боғ ва токзор ҳисобига йилига 10 миллион доллар экспорт йўқотилаяпти.
Сув тежовчи технология бўйича Тошкент вилояти энг охирги ўринларда.
Бу борада вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмагани, тайёр қилиб берилган тизимни ишлата олмагани учун лавозимидан озод этилди, дейилади хабарда.