platina.uz
Жамият

Прокурор ва судя катта ёрдамчиси пора билан ушланди

Сурхондарёда прокурор фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик тўғрисида ИИБга кўрсатма беришини айтиб, эвазига пул сўраган. Жиззахда эса адвокат қўлга олинди. 

Прокурор ва судя катта ёрдамчиси пора билан ушланди

Прокурор, судья катта ёрдамчиси ва адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Сурхондарё вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Денов тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими юритувидаги 1999 й.т. фуқарога нисбатан тўпланган терговга қадар текширув материалларида жиноят аломатлари мавжуд бўлсада, лекин, жиноят иши қўзғатмаслик тўғрисида мазкур туман ИИБга кўрсатма беришини айтиб, эвазига 2000 АҚШ доллари талаб қилади.

Жорий йилнинг 5 сентябр куни у сўралган пул маблағидан 5 млн. сўмни ўзининг номидаги пластик картага ўтказдириб олади.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, у талаб қилинган пулдан 1300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан прокурорга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бошқа ҳолатда эса Андижон вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг катта ёрдамчиси ушланди.

У Андижон шаҳрида яшовчи, 1992 й.т. аёлнинг номидан Андижон туманлараро ФИБ судига даъво аризаси киритиб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали аёлнинг собиқ турмуш ўртоғига тегишли мол-мулкларнинг бир қисмини унинг фойдасига ҳал қилиш ҳақида қарор чиқартириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилади.

Судя катта ёрдамчиси ҳозирга қадар сўралган пул маблағидан 200 АҚШ доллари олади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида Андижон шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган. У қолган 300 АҚШ долларига тенг ҳисоблаб, 3 млн 800 минг сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда судья катта ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Бу каби қонунбузилиши Жиззах шаҳрида ҳам қайд этилиб, унда маҳаллий адвокатлик ҳайъати адвокати ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Мирзачўл туманида яшовчи, 1981 й.т. фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги манзил колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳкумни Жиззах вилоят суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми асосида муддатидан олдин озодликка чиқариб бериш эвазига 6 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пул маблағини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда икки нафар ҳоким ўринбосари қўлга олинганди.

Улар туманда фаолият юритувчи фермер хўжалигининг 500 минг долларлик экспорт режасини ёпиб бериш эвазига пул сўраган. Тошкентда эса салкам 1 млн долларга ер сотмоқчи бўлганлар ушланган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid