Президент: 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарур
Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди.
Давлатимиз раҳбари сўзга чиқадиган раҳбарлар фақат ҳисобот билан чекланмасдан, қандай янги захиралар топгани, уларни ишга солиш бўйича қандай тизим ташкил этаётгани ва йил якунигача қандай натижага эришишини аниқ тушунтириши зарурлигини қайд этди. Шунингдек, глобал вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда ҳар бир раҳбар қўшимча сценарийлар билан ишлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди.
Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етди. Нуфузли “Fitch” ва “Moodyʼs” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди.
Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари ҳозирги глобал тебранишлар шароитида вилоят, туман ва шаҳарларга тадбиркорлик ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун маблағлар кўпайтириб берилаётганини қайд этди.
Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолиши таъкидланди.
Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.
