Норин дарёсидан ўтувчи янги кўприкка 63 млрд сўм сарфланади
Кўприк сабаб Уйчи орқали Учқўрғон ва Норин туманлари марказига, Нориндан Балиқчига бориш осонлашади. Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи кўприк эса реконструкция қилинади.

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Президент Наманганда йўл, ичимлик суви, уй-жой каби ҳаётий зарур инфратузилмани ривожлантириш ҳам энг долзарб масалалардан эканини таъкидлади.
Уйчи, Учқўрғон ва Норин туманлари аҳолисини вилоят маркази ва бошқа туманлар билан боғловчи асосий йўлдаги тирбандлик қийнаб келаётган эди.
Шу боис, 63 миллиард сўм ҳисобига Норин дарёси устидан 480 метр узунликдаги янги кўприк қурилмоқда. Уйчи орқали Учқўрғон ва Норин туманлари марказига етиб бориш 20-25 километрга, Нориндан Балиқчига 35-40 километрга қисқаради.
Вилоят аҳолиси талабини инобатга олиб, Қорадарё устидаги 63 йил олдин қурилган Наманган ва Андижон вилоятларини боғловчи 180 метрли эски кўприкни реконструкция қилиш бошланди. Бунинг натижасида транспорт қатнови 2 баробар ошади, йўлга кетадиган вақт 1,5 карра қисқаради, тирбандлик кескин камаяди.
Мутасаддиларга Наманган халқи узоқ йиллардан буён кутаётган мана шу 2 та кўприкни келгуси йилда ишга тушириш, 694 километр йўл ва маҳаллалардаги 7 та кичик кўприкни таъмирлашни эса жорий йилда якунлаш топширилди.
Вилоят марказини пойтахт билан боғлайдиган, кунига 15 минг транспорт ҳаракатланадиган “Пунгон-Наманган” йўлининг 75 километри реконструкция қилинади. Бу йўл 246 миллион доллар ҳисобига 4 тасмали, бетон қопламали қилиб қурилади, 34 та кўприк, 22 та пиёдалар ўтиш жойлари барпо этилади.
Олдинроқ Президент Наманганда қурилаётган аэропорт ва бошқа манзилларга борганди.
3 қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чустдаги газ-бетон блоки ишлаб чиқариш мажмуаси ҳам кўздан кечирилганди.