Бунга жуда оз қолди – сув минтақада энг ноёб неъматга айланади
Асосий сув манбалари – баланд тоғлар Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида қолиб кетган. Камига толиблар “Қўштепа” каналини қуриб, Амударёнинг 50 фоиз сувини олиб қўя бошлади.

Сув – Ер юзида ҳаёт сақланиб қолиши учун энг зарур ҳаводан кейинги ўринда турувчи қимматли неъмат. Флора ва фауна, жумладан одамзотнинг сувга эҳтиёжи ниҳоятда улкан. Ҳаттоки инсониятнинг илк маданият ўчоқлари ҳам дарёлар бўйида пайдо бўлган.
Афсуски, иқтисодий ўсиш ва саноатнинг ривожланиши ҳамда иқлимнинг йил сайин ёмонлашиб бораётгани сув танқислигини пайдо қилмоқда.
Иқлим ўзгариши, ёғингарчиликлар ва асрий музликлар камайиши ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Айниқса, Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда сув танқислиги долзарб. Асосий сув манбалари ва дарёларнинг бошланиши – баланд тоғлар Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудида қолиб кетган. Бу ҳам камлик қилганидек, Афғонистонда толиблар “Қўштепа” каналини қуриб, Амударёнинг 50 фоиз сувини олиб қўя бошлади.
Ўзбекистон иқлим ўзгариши ва сув ресурсларидан норационал фойдаланиш натижасида тобора кучайиб бораётган сув танқислиги муаммосига дуч келмоқда. 2030 йилга бориб мамлакатда сув танқислиги 7 миллиард куб метрга етиши, 2050 йилга бориб эса бу кўрсаткич икки баравар ошиши кутилмоқда. Бу Ўзбекистонни сув танқислиги юқори бўлган давлатлар қаторига қўяди.
Бундай вазиятда, ҳозирча фақат битта йўл билан вазиятни ёмонлаштирмаслик мумкин: сув истеъмолини назоратга олиш, тежаб-тергаб ишлатиш!
Нима чоралар кўрилмоқда?
Сув хўжалиги вазирлиги берган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда сувни тежаш учун қатор зарурий чора-тадбирлар кўрилган. Натижада 2023 йилда 7 млрд куб метр, 2024 йилда 8 млрд куб метр сув иқтисод қилинган. 2025 йилда эса ушбу кўрсаткични 10 млрд куб метрга етказиш кўзда тутилган. Тежалган сув такрорий экинлар етиштириш, аҳоли томорқаларини суғоришга йўналтирилмоқда.
2030 йилгача йилига 15 млрд куб метр сувни иқтисод қилишга эришиш мақсад қилинган. Масалан, ўртача катталикдаги бир вилоят учун йилига 3-4 млрд куб метр сув керак бўлади. Иқтисод қилинадиган сув 3-4 та вилоятнинг бир йиллик истеъмолига тенг бўлади.
Канал ва ариқларни бетонлаш
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой бериляпти.
Эски латифа – бизнесда “ўртача ҳарорат”...
Шу боис 2024 йил – сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди. Давлат бюджетидан 676,7 млрд сўм ажратилиб, 555 км каналлар реконструкция қилинди. Кластер, фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг км ички суғориш тармоқлари бетон қопламага ўтказилди.
Томчилатиб суғориш
Ўзбекистонда 4,3 млн гектар суғориладиган ер майдони бўлса, шунинг қарийб 40 фоизи охирги беш-олти йиллик ҳаракатлар натижасида сувни тежайдиган технологиялар, жумладан, томчилатиб суғориш воситасида қамраб олинди.
2028 йилдан сув тежовчи технологияларни жорий этганларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Президетнинг 7 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар билан субсидиялар ажратиш йилдан-йилга такомиллаштирилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳисобидан 2023 йилда 2 млрд куб метр, 2024 йилда 2,5 млрд куб метр сув иқтисод қилинди.
Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясида мамлакатда суғориладиган майдонларни сувни тежайдиган технологиялар билан 100 фоиз қамраб олиш вазифаси қўйилган. Яна 4-5 йилда улкан марранинг қолган қисми ҳам уддаланади.
Сув насослари тизимини такомиллаштириш
Сув хўжалиги соҳасига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг 70-75 фоизи насосларни ишлатиш учун электр энергиясига сарфланади. Бугунги кунда ерларни суғориш учун давлат бюджети ҳисобидан 1 минг 700 га яқин насос станция ишлатилмоқда. Уларга бир йилда 7 млрд кВт/соат электр энергияси талаб этилади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида электр энергиясининг йиллик сарфини 1,8 млрд кВт соатга камайтиришга эришилди. Яъни 2017 йилда электр энергияси сарфи 8,3 млрд кВт соатни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 6,5 млрд кВт соатга тушди.
Президент томонидан 2024 йил 7 ноябр куни қишлоқ хўжалигида сув ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида охирги йилларда 1 миллиард доллар ҳисобига Қарши, Аму-Бухоро, Аму-Занг каби йирик насос станциялари модернизация қилингани, лекин ўрта ва майда насослар эскилиги сабабли сув таннархи ошиб кетаётгани таъкидланди. Шу каби муаммолардан келиб чиқиб, йиғилишда галдаги вазифалар белгиланди. 2025 йил – сув хўжалигида “насослар самарадорлигини ошириш йили” деб эълон қилинди.
Насос ва агрегатларни замонавийсига алмаштириш, энергия тежамкор қурилмалар ўрнатиш, электр энергиясидан самарали ва тежаб фойдаланиш, агрегатларни график асосида қўшиш, чиқарилаётган сувдан мақсадли фойдаланишни назорат қилиб бориш чоралари кўриляпти. Натижада 2025 йилда ажратилган лимитга нисбатан 300 млн кВт соат электр энергиясини тежаш кўзда тутилган.
Кўзи бойланган адолат Ўзбекистонда "туғилмаганмикин"?
Мана шу жараёнда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланилмоқда. 328 км узунликдаги ирригaция тармоқлари, 2955 км узунликдаги мелиорaция тармоқлари, 412 та насос станцияси ва 134 та қудуқ ДХШ асосида хусусий шериклар бошқарувига берилди.
Хусусий шериклар томонидан 129 та насос ва 80 та электродвигател янгиланди, 51 та сув сарфини онлайн ўлчаш қурилмаси, 34 та конденсатор қурилмаси ўрнатилди, 46 км узунликдаги ирригaция тармоқлари реконструкция қилиниб, 476 км узунликдаги мелиорaция тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
Натижада сув етиб бориши қийин бўлган ҳудудларнинг сув таъминоти ва ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, 169,3 млн кВт электр энергияси тежалишига ёки 256,3 млрд сўм давлат бюджети маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.
Яна бир гап: президент жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида хоразмлик фермернинг насос агрегатини қуёш панеллари орқали ишлатиш тажрибасини юқори баҳолаган эди. Республика бўйича фермер хўжаликлари ҳисобидаги 7500 та насос агрегатига ушбу тажрибани жорий этиш вазифаси белгиланди. Бу механизмда, сув тежовчи технологиядан фойдаланилмаган пайтда қуёш панели орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси тармоққа узатилади. Энди фермерлар учун қуёш панеллари харажат эмас, даромад манбаига айланади.
Рақамлаштирилган сув сиёсати
“Ўзбекистон-2030” стратегияси ва сув хўжалигини ривожлантириш концепциясида белгиланган кўрсаткичлардан келиб чиқиб, охирги тўрт йилда онлайн режимда 13 174 та сув омбори ва ирригация тизимларининг сув ўлчаш постларида сув ресурсларини кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув”, 10 296 та мелиоратив кузатув қудуғида сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини назорат қилувчи “DIVER”, 1748 та насос станциясида сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилди. 96 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқаруви автоматлаштирилди.
Вазирлик ҳузурида Сув хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилди. “Suv hisobi”, “Nasos stansiyalari” каби ахборот тизимлари яратилди.
Сувни иқтисод қилишда соҳанинг рақамлаштирилаётгани муносиб улуш қўшмоқда.
Хулоса: сув – инсоният виждонининг кўзгусидир
Сув фақат табиат неъмати эмас – у маданиятнинг бешафқат имтиҳонидир. Сувдан қандай фойдаланишимиз – кимлигимизни, эртанги наслга қандай дунёни мерос қолдиришимизни кўрсатади.
Ўзбекистон ўз тарихида сув билан муомала, уни бошқариш, уни асраш маданиятини шакллантирган. Лекин бугунги давр бу маданиятни янгича илмий, технологиявий ва инсоний ёндашув билан қайта жонлантиришни талаб қилмоқда.
Ҳар бир томчи сув – нодир неъмат. Унга фақат ресурс сифатида эмас, балки имконият сифатида қараш керак. Давлат, жамият ва ҳар бир инсон ушбу имкониятга муносиб бўлиши шарт.
Абулфайз Сайидасқаров