platina.uz
Жамият

Ҳозирча яхши бажарилмаётган яна бир ваъда – тиббий суғурта

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Сирдарёда фуқаролар бепул тиббий суғурта қилиниши керак эди. Бу жараёнлар қандай кетаётгани ҳақида ҳозирча очиқ маълумотлар йўқ.

Ҳозирча яхши бажарилмаётган яна бир ваъда – тиббий суғурта
Фотоколлаж: Platina.uz

Давлат раҳбарининг 2017 йил апрелдаги “Соғлиқни сақлашда хусусий секторни ривожлантириш тўғрисида”ги 2863-сонли қарорида мамлакатда мажбурий тиббий суғуртани жорий этиш ва тегишли қонунни ишлаб чиқиш режалари муҳокама қилинган. Президентнинг 2018 йил декабрдаги тегишли қарорида мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этишни 2021 йил 11 январдан бошлаш кўзда тутилган эди.

2020 йилнинг декабр ойида Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилган бўлса, Президентнинг 2024 йил сентябр ойидаги 311-сонли қарори билан 2024 йил 1 октябрдан Тошкент ва Сирдарё вилоятларида, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистонда жорий этилиши белгиланди. 2026 йил охиргача эса мамлакатнинг барча ҳудудлари қамраб олиниши лозим.

Нималар амалга оширилди?

Aсосий ваъда – давлат кафолати остидаги тиббий ёрдам ва дори-дармонлар аҳолидан қўшимча тўловларсиз – бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаш бўлган эди. Натижага йўналтирилган молиялаштиришга ўтиш тизимли ўзгаришлар босқичини белгилаб берди.

2024 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида мажбурий тиббий суғурта жорий этилди. Қорақалпоғистон 2025 йил 1 январдан бу жараёнга қўшилди. Илк босқичларда ишчилар, талабалар, пенсионерлар, кам таъминланган ва ҳомиладор аёллардан иборат 4-5 миллионга яқин одам қамраб олинди.



Бироқ ўтган йил охиригача “Электрон рецепт”, “Электрон поликлиника” ва “Электрон шифохона” ахборот тизимлари жорий этилиши керак эди. Дориларни ёзиш ва меъёридан ортиқча дори ёзиш каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида электрон рецептлар тизими ишга туширилиши лозим эди. Бироқ президент жорий йилнинг 7 май куни ўтказган видеоселектор йиғилишида бу топшириқлар, хусусан, ДТС жорий этилиши кечикиб кетаётганини танқид қилди.

Ҳозир Мажбурий тиббий суғурта тўловлари фуқаролардан тўғридан-тўғри ундирилмасдан, умумий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Тиббий хизматлар ва дори-дармонларни стратегик харид қилиш Ўзбекистон тиббий суғурта жамғармаси орқали амалга оширилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик кучайтирилмоқда.

Мавжуд қийинчиликлар ва тўсиқлар

Барча эришилган муваффақиятлар билан бир қаторда муаммолар ҳам етарли. Масалан, ҳамма ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда рақамлаштириш ва фойдаланиш имконияти ҳали таъминланмаган.

Шунингдек, кўплаб фуқаролар ва шифокорлар ДТС сиёсатида нималар назарда тутилганини тўлиқ тушунмайдилар.

Малакали мутахассислар ва асбоб-ускуналарнинг етишмаслиги тиббиётнинг бирламчи бўғинида айниқса долзарбдир.

Умуман, бу тизим бюджет учун оғир молиявий юк: кўламли молиялаштириш зарурати инфляция ва бюджетга босим шароитида ислоҳотларнинг барқарорлиги ҳақида саволлар туғдиради.

Яқинда янгидан ташкил этилган Президент администрациясида тиббиётга алоқадор алоҳида йўналиш ишга тушди. Балки энди бу соҳада ўзига хос ислоҳотлар даври келгандир. Ахир халқ қачонгача қийналиб, жабр чекади?!


"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ


Тарих

XIX асрдаги дунёмизни тасаввур қилинг. Одамлар оддий инфекциядан ёки жароҳатлардан жуда осон ўлиб кетишган. Чунки ўша давр тиббиёти унчалик ривожланмагани, бактероцидлар кашф этилмагани етмаганидек, шифокорлар оз бўлган, борларининг ҳам хизматлари ўта қиммат бўлган. Аксарият одамлар даволанишга етарли пул топа олишмаган.

1883 йилда канцлер Отто фон Бисмарк Германияда дунёдаги биринчи давлат тиббий суғурта (ДТС) тизимини жорий қилди. Бу тизим ишчиларни қамраб олди, иш берувчилар ва давлатни бадалларни тўлашга мажбур қилди ва келажакдаги барча тиббий суғурта тизимларнинг прототипига айланди.

Кейинчалик мазкур моделга Франция (1945 йилдан) ва Буюк Британия (1948 йилдан National Health Service – Миллий саломатлик хизмати тизими билан) қўшилди. 1955 йилдан Швеция, 1957 йилдан Канада, 1961 йилдан Япония шундай тизимга ўтди. Бу жараён босқичма-босқич ўтказилиб, бутун давлат ҳудуди ва аҳолисини қамраб олиш 1 йилдан 12 йилгача вақтни олган. Масалан, Жанубий Кореяда бу жараён 1977 йилдан бошланиб, 12 йил ичида бутун аҳоли учун татбиқ этилди.

XXI асрга келиб, кўпчилик ривожланган мамлакатларда универсал ДТС ёки хусусий компаниялар иштирокидаги гибрид тизимлар жорий этилди. Бироқ АҚШ ўзгача йўлни танлади, бу ерда Medicare ва Medicaid тизими ҳаммага эмас, фақат маълум тоифадаги фуқароларга ёрдам беради.

Тиббий суғурта моҳияти

Содда қилиб айтганда, суғурта – бу бирор пул одам ёки ташкилотнинг бошқаси билан “гаров ўйнаши”дир. Масалан, суғурта ташкилоти 10000 киши билан шартнома қилиб, шундай гаров ўйнайди: “Сиз менга ойига арзимаган фалон миқдорда пул тўлаб турасиз. Агар сиз 1 йил (ёки бошқа келишилган муддат) ичида касал бўлиб қолсангиз, сизга фалон миқдорда пул тўлайман. Лекин мабодо касал бўлмасангиз ҳам, 1 йил мобайнида тўлаган барча пулларингиз менда қолади”, дейди. Мисол учун, суғурта фирмаси 10000 кишидан 1 йилда 200 минг сўмдан жами 2 млрд сўм йиғиб олади. Суғурта ҳолати, яъни бизнинг мисолимизда – касаллик эса атиги 1000 кишида рўй бериши мумкин холос. Пул тўлаган, аммо касал бўлмаган одамларнинг 1 йиллик “бекорга” берган пуллари эса суғурта компанияси чўнтагида қолади ва шу пулларнинг кичикроқ қисмидан суғурта ҳолати учун тўлаб берилади, суғурта компанияси катта даромад қилади.

Бу механизм пациентлар учун ҳам қулай. Айтайлик, АҚШда стоматолог қабулида бўлиб, 1 та тишни олдириш 1000 долларга тушади. Лекин сиз универсал (қимматроқ!) ёки айнан битта тур – стоматология хизматлари учун (арзонроқ!) суғурта полиси сотиб олиб, йилига 400 доллар тўлаб қўйган бўлсангиз, 1 йил ичида 1 эмас, кўпроқ тишингизни даволатсангиз ҳам сизга текин хизмат кўрсатишади. Лекин 1 йил мобайнида тиш шифокорига эҳтиёж сезмасангиз, тўлаган суғурта пулингизга “куйиб қоласиз”.


Ваъдабоз энергетиклар


Бу шифокорлар ва тиббий муассасалари учун ҳам қулай. Мурожаат қилган беморнинг суғуртасига қараб муомала қилинади. Пул тўлаш қобилиятининг пастлиги, беморнинг ўлиб қолиши каби ғалвалар билан бошини оғритмайди. Полис бўлса бас, беморни даволашга кетган харажатларга қараб, суғурта фирмасига тўлаш учун ҳисоб қоғози жўнатилади холос.

Албатта, тиббий суғурта компанияси бир инсон билан турли хасталиклар, ўлим ҳолати, фалокатлар бўйича шартнома тузганда, унинг ёши, саломатлиги, яшаш тарзи (ўтроқ ёки спорт, оилали ёки оиласиз ҳаёт), касби, сурункали ёки ирсий касалликлари эҳтимоли, шуғулланаётган ишининг хавфлилик даражалари ва бошқа омилларни ҳисобга олади. Масалан, 30 яшар одамнинг 60 яшар одамга нисбатан, ўқитувчи эса алпинистга нисбатан, аждодларида сурункали ирсий касалликлар йўқ одам ирсиятида шизофрения, қандли диабет, саратон каби хасталиклар мавжуд одамга нисбатан камроқ касал бўлиш эҳтимоли бор. Касалликка ва фалокатга учраш хавфи бор тоифадагилар учун ойлик (йиллик) тўлов баландроқ бўлади, албатта. Чунки уларда суғурта ҳолати юз бериш эҳтимоли катта. Шу боис йирик суғурта компаниялари соғлиқни ёки ҳаётни суғурта қилишдан аввал бўлажак мижозни батафсил ўрганади, тиббий кўрикдан ўтказиб олади.

Хорижий давлатларда кўпчилик иш берувчилар яхши мутахассисларни жалб этиш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун тиббий суғуртасини ҳам тўлаб беради.

Юқоридаги суғурта механизми ва мисоллар ихтиёрий пуллик (хусусий тадбиркорлик суғурта компаниялари билан) суғуртага киради. Лекин кўпчилик демократик ва ижтимоий ҳимояни таъминлашни ваъда қилувчи давлатларда мажбурий давлат суғурта тури ҳам кенг оммалашган.

Замонавий дунё: тиббий суғуртанинг янги тарихи

XX асрнинг иккинчи ярми – XXI аср бошларида ислоҳотларнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Демографик қариш – ўртача умр кўриш ёшининг узайиб бораётгани, одам кам туғилиши, ёшларнинг камлиги, технологиялар, экология ёмонлашуви ва дори-дармон нархининг ошиши тиббий хизматни қимматлаштирмоқда. Бу ҳолатда суғурта хатарларини қайта тақсимлаш зарурати туғиляпти: касалларни даволашни – гўёки соғлом одамлар “ҳисобидан”, камбағалларни даволашни – бойлар ҳисобидан, кексаларни даволашни эса ёшлар ҳисобидан амалга оширилишига тўғри келади. Ижтимоий ҳимояга асосланувчи давлат суғуртасининг моҳияти ҳам шунда.

Шарқий Европа, Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон, СССР парчаланганидан кейин, ўзларининг давлат тиббий суғурта тизимларини қура бошладилар. Бироқ бу ғоятда машаққатли йўл. Зарар механизмларининг йўқлиги, жамоатчилик ишончининг пастлиги, заиф рақамлаштириш – буларнинг барчаси ушбу жараённи секинлаштирди. Фақат 2010-йилларнинг охиридан бошлаб ислоҳотлар тезлаша бошлади.

Давлат тиббий суғуртаси механизми

Хусусий суғурта компанияси суғурта ҳолатларини бошқа “тинч ва омадли” мижозлар ҳисобидан қоплаши тушунарли. Бироқ аҳоли учун текин бериладиган давлат суғуртаси механизми қандай тузилган?

Бунинг моҳияти содда: фуқаро ва/ёки иш берувчи махсус ижтимоий жамғармага мунтазам мажбурий бадаллар тўлаб боради (шу боис бу тизимни мажбурий суғурта дейишади). У автоматик равишда маошдан ушлаб қолинади. Кейинчалик бу жамғарма аҳолига кўрсатилган тиббий хизматлар учун клиника ва дорихоналарга ҳақ тўлайди. Ҳамманинг баравар касал бўлиш эҳтимоли камлиги боис, бунда давлат фонди зарар кўрмайди.


Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси


Бироқ давлат суғуртасининг айрим чеклов ва ноқулайликлари ҳам мавжуд. Масалан, хусусий суғурта фирмалари нисбатан кўпроқ шифохоналар билан шартнома тузади. Хусусий суғурта полиси камёб ва қиммат тиббий хизматлари, масалан, жарроҳлик амалиётлари, органларни кўчириб ўтказиш, пластик жарроҳлик каби турларни ҳам қоплаши мумкин. Давлат суғуртаси билан эса фақат полис шартномасида кўрсатилган тиббий муассасаларга мурожаат этиш мумкин. Кўрсатилажак тиббий хизматларнинг турлари ва қиймати ҳам чекланган бўлади.

Давлат тиббий суғуртасининг моделлари ҳам турлича. Масалан, ижтимоий бадаллар, солиқлар ва мажбурий суғурта бадаллари ҳисобидан бўлиши мумкин. Қўлланиладиган модел турига қараб аҳолининг фақат айрим тоифалари ёки бутун аҳоли (ишламайдиган, солиқ тўламайдиган, бадал тўламайдиган ва ҳатто фуқаролиги ҳам йўқ одамлар) қамраб олиниши мумкин.

Шундай бўлса-да, давлат тиббий суғурта тизими татбиқ этилса, аксарият аҳоли учун катта қулайлик туғдиради. Тасаввур қилинг: ўзингизни нохуш сезсангиз, давлат поликлинкасига борасиз. У ерда катта навбатлар, қўпол муомала, сифатсиз ва малакасиз тиббий хизмат ва эскирган ускуналар муаммосига дуч келишингиз мумкин. Касалингиз турига қараб, тегишли даволаш схемаси ёки жарроҳлик амалиёти ҳам тайинланиши мумкин. Бу тиббий хизматлар эса квота, ордер ва бошқа навбатлар ҳамда талаблар асосида бўлади. Айрим зарур нарсалар ёки хизматлар етишмайди. Хусусий тиббиёт муассасасига мурожаат этишни тавсия қилишлари ҳам мумкин. Ҳатто бу чиғириқларга бардош берсангиз ҳам, аслида сиздан пул олмаслиги шарт бўлган, бюджетдан маош олувчи шифокор сиздан “ширинкома” умид қилиб туради. Бир собиқ соғлиқни сақлаш вазири адашиб айтса-да, буни юқори минбардан туриб тасдиқлаган эди: “шифокорлар маошим кам деб нолимасин, агар шифокор яхши бўлса, халқнинг ўзи рози қилгани ҳам етади”.

Давлат суғурта тизимининг ижобий томонлари

Аввало, давлат суғурта тизими ҳамма учун очиқ. Ҳар бир фуқаро, даромадидан қатъи назар, кафолатланган минимал тиббий ёрдам олади.

Иккинчидан, давлат тиббий харажатларни олдиндан прогноз қилиши, беморлар оқимини ва молиялаштиришни бошқариши мумкин.

Шунингдек, суғурта механизмлари клиникалар ўртасида рақобат ва шаффофликни рағбатлантиради.

Қолаверса, шифокорларнинг ишга масъулиятсизлиги, пациентлар муомаласи яхшиланади, тамагирлик, порахўрлик каби иллатлар камаяди.

Давлат суғурта тизимининг камчиликлари

Афсуски, бу тизимда бюрократия ва коррупция хавфи ҳам мавжуд. Чунки аксарият марказлаштирилган тизимлар кўпинча самарасиз бошқарувдан азият чекади.

Шу билан бирга, камбағал мамлакатларда давлат ҳақиқий тиббий харажатларни қоплай олмаслиги мумкин.


Хўжакўрсинга ишлаётган Туризм қўмитаси


Айрим ҳолларда, масалан, Буюк Британия ёки Канадада давлат полиси билан борасангиз, узоқ навбатларга дуч келасиз. Шунингдек, шифокорларни ва шифохонани танлаш имконияти ҳам чекланган.

Шунингдек, агар хизматлар сифати паст бўлса, одамлар нима учун солиқ ва ижтимоий бадал тўлашаётганини кўрмайди.

Қолаверса, давлат тиббий суғурта тизими ривожланмаган мамлакатларда мутахассислар, ахборот технологияси инфратузилмаси ва маълумотлар етишмаслиги кузатилади.

Постсовет ҳудудида ДТСнинг жорий этилиши

Собиқ СССР давлатлари орасида биринчи бўлиб Россия 1991 йилда мажбурий давлат суғуртасини татбиқ этди ва 3 йил ичида бутун мамлакат аҳолисини қамраб олишга эришди. Бунинг учун Федерал мажбурий тиббий суғурта (МТС) жамғармаси тузилди. Суғурта тўловлари иш берувчиларнинг ёлланган ишчилар учун тўлаган пуллари, нафақадагилар учун эса давлат бюджети ҳисобидан тўланади. Тиббий хизматлар “асосий дастур”га мутлақо бепул кўрсатилади. Лекин муаммолар ҳам мавжуд. Нотекис молиялаштириш, бюрократия, коррупция, жойларда самарасиз фаолият шулар жумласидандир.

Қирғизистонда 1997 йилдан бери МТС жамғармаси фаолият кўрсатади.

Грузияда 2007-2012 йилларда қисман суғурта модели амалда бўлган. Аммо у кейин универсал бепул тизим билан алмаштирилди: 2013 йилдан умумдавлат тиббий суғурта тизими татбиқ этилди.

Қозоғистон 2017-2020 йиллар давомида, яъни 3 йил ичида ДТСни тўлиқ татбиқ этишга муваффақ бўлди. Қозоғистондаги модел Европаникига кўпроқ ўхшайди: давлат муҳтож тоифалар учун пул тўлайди, иш берувчилар ўз ишчилари учун, ўзини ўзи банд қилганлар эса ўзи учун суғурта тўловини амалга оширади.

Озарбайжонда 2020 йилдан МТС жорий этилган, қамров кўлами ортиб бормоқда.

Беларус, Туркманистон ва Тожикистонда ДТС тизими татбиқ этилмаган, бу давлатларда эски – советча тиббий хизматлар кўрсатиш модели амалда.

Украинада бу жараён бошланган, секин-аста кўламини оширмоқда.

Хулоса

Давлат тиббий суғуртаси нафақат тўлов тизими, балки ижтимоий шартномадир. Унинг мақсади – ҳар бир инсон учун, даромадидан қатъи назар, даволаниш ҳуқуқини кафолатлашдир. Aммо бу ғояни амалга ошириш учун мустаҳкам институционал асос, давлат, шифокор ва фуқаролар ўртасида шаффофлик ва ишонч зарур.

Бу механизм эндигина шаклланаётган Ўзбекистон каби давлатлар учун жаҳон тажрибасини ўрганиш жуда муҳим. Аниқ режа, босқичма-босқич рақамлаштириш ва максимал очиқлик билан бу тизимни яратиш – айни давр талабидир.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid