Хўжакўрсинга ишлаётган Туризм қўмитаси
Мақолада ўзбек туризми дунёга чиқолмаётганининг энг асосий сабаби, тизимдаги бошқа муаммолар ва албатта миллиардлик давлат харидлари ҳақида сўз боради.

Туризм бутун дунёда мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга хизмат қиладиган соҳа. Масалан, ижтимоий, маданий, иқтисодий ва инвестициявий йўналишларда туризмнинг хизмати ва ҳиссаси катта бўлади. Давлатлар ўз маконига хорижлик сайёҳларни жалб этиш учун жозибадорликни ошириш, меҳмондўстликни намоён қилиш, хизматлар сифатини яхшилаш бўйича тинмай изланадилар.
Ўзбекистонда ҳам сайёҳлик соҳасига қизиқиш катта, туристларни жалб қилиш давлат сиёсати даражасига чиққан. Масалан, 2024 йилда жами 8,2 млн нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюрган. Бу албатта кичик рақам эмас. 2023 йилда бу кўрсаткич 6,6 млн нафар эди. Демак, йилдан йилга уларнинг сони ортиб боряпти.
Хорижликлар нигоҳида Ўзбекистон туризм учун яхши мамлакатми ёки йўқми, буни билиш учун интернетни титкилаш кифоя. Бу ҳақда кейинроқ. Ҳозир эса туризм тизимидаги аҳвол ҳақида икки оғиз.
Сайёҳларда пул кўп
Афсуски, қон-қонимизга сингиб кетган бу иллат туризм ривожланишига салбий таъсир қилмай қолмайди. Кўчаларда бирор чет эллик овқатлангани кирса, таксига ўтирса, бозорда юрса, дарров нархларни қимматроқ айтишга уринамиз. Таксичиларимиз икки чақирим жойга бир неча баравар кўп нарх қўйиб олиши ҳеч кимга сир эмас.
Яқинда бир дўстим Туркияда дам олиб келди. Бир ҳафта юриб, маза қилганини айтди. Уларнинг меҳмондўстлигини роса мақтади. Ахир қанақасига? Меҳмондўстликда биздан ўтадиган бормикин, деб ўйланиб қолди одам. Истанбулда исталган бирор дўконга кирсангиз, дўкондор очиқ чеҳра ва табассум билан кутиб олиб, олдингизга ширинлик ва чой қўяди. Мутлақо бепул, шунчаки меҳмондўстлик белгиси сифатида. Чет элдан бориб, унинг дўконига кирганингиз учун миннатдорлик рамзи деб илтифот кўрсатади. Масалан, шунчаки салқинланиб, текин чойини ичиб, ширинликни еб чиқиб кетсангиз ҳам, табассум билан кузатиб қўяди. Яна келинг, дейди.
"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ
Бизда шундай ҳолат бўлганмикин? Кўпинча аксини кўрамиз. Туризм қўмитаси эса қайсидир маънода мазкур дилхираликка қарши курашиши мумкин. Маҳаллий номдор дўконлар, емакхоналар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, туристлар учун чегирмалар, имтиёзлар ва табассум улашишга шароит яратиб беришига нима халақит қилади?
Хўжакўрсинга ишлаш
Туризм қўмитаси кимларнингдир кўзига яхши кўриниш учун, яъни иш кетяптими – кетяпти қабилида ишламоқда, деса бўлади. Халқаро даражада тан олинган ва бутун дунёда кенг қўлланиладиган панорама эркинлиги ҳалигача бизда йўқлиги туризмга энг катта тўсиқ бўлиб қоляпти. Бу ҳақда бир йил олдин ўзбек википедиячилари билан подкастимизда батафсил гаплашганмиз.
Айнан панорама эркинлиги йўқлиги учун Ўзбекистоннинг тарихий объектлари суратлари ва видеоларини интернетга жойлаш муаммо. Чунки бунда муаллифлик ҳуқуқига жиддий қаралади. Бизда эса муаллифлик ҳуқуқи бўйича ишлар анча орқада, ҳатто кулгили даражада. Бу ҳақда кейинги сонларда тўлиқроқ тўхталамиз.
Яқинда Тошкент шаҳридаги қудуқларнинг қопқоқларини Википедияга жойлаб бораётган википедия маъмури яна шундай тўсиққа дуч келган. Ўша қопқоплар ўзига хос чиройли дизайнда ишланган, тарихий бинолар суратлари акс эттирилган бўлган. Афсуски, Ўзбекистонда панорама эркинлиги йўқлиги учун бу расмлар интернетдан ўчириб ташланмоқда.
Энг оддий муаммолар
Муаммонинг катта-кичиги бўлмайди аслида, бироқ Туризм қўмитаси учун анча кичик ва арзимас муаммолар бор. Масалан, тоғли ҳудудлардаги масканларда телефон рақамлари ишламайди, антенна чиқмайди, алоқа ўчади. Бир турист ўша тоғли жойларда айланиб юрсаю, палакат босиб, йиқилиб тушса ва ҳушини йўқотса, шериклари ҳеч кимни ёрдамга чақиролмайди. Фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ёки ички ишларга қўнғироқ қилиш учун телефонда антенна йўқ. Шунинг учун ҳар замонда “тоғда йўқолиб қолган одам бир неча кун ўтиб топилди”, деган хабарларга кўзимиз тушади.
Мен ўзим Тошкент вилоятидаги Товоқсой шаршарасида бунга гувоҳ бўлганман. У ерга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар томошага борадилар. Аммо бир неча километрлик йўлда на Билайн, на Мобиуз, на Юселл ишлаган. Фақат Узмобайл антеннаси чиқади. Лекин ҳамма ҳам бу алоқа оператори хизматидан фойдаланмайди. Сайёҳлар-ку қайси яхши-ёмонлигини билмайди.
Яна бир оддий муаммолардан – туристик масканларга борган одамни бюрократия ва бўлмағур тўсиқлар еб юборишидир. Юқорида ёзганимдек, тоғли ҳудудлар ёки қўриқхоналарга етиб боришда маҳаллий “ишбилармонлар” ташувчилик хизматлари билан шуғулланади. Лекин жуда қиммат нархларда хизмат кўрсатади.
Platina.uz жамоаси шу йил март ойида BizTour сайёҳлик агентлиги билан ҳамкорликда Зомин қўриқхонасига бориб, махсус кўрсатув тайёрлаганди. Мақсад ўша томонга борувчиларга кўпроқ ва кенгроқ маълумот бериш эди. Аммо ходимларимиз йўқ жойдан пайдо бўлган муаммога дуч келишган.
Зомин саёҳатига тадорик кўриш арафасида Туризм қўмитасига таҳририят номидан хат ёзганмиз. Хатда мақсадимизни айтиб, техникалар билан киришда муаммо бўлмаслиги учун мутасаддилардан ёрдам сўраганмиз. Қўмитадагилар биз билан қўнғироқлашиб, Жиззахдаги ходимларига тайинлашини, ўзлари кутиб олиб, кузатиб қўйишларини билдирганди. Натижа қандай бўлди, деб ўйлайсиз?
Албатта, ҳаммаси фақат оғизда холос. Ходимларимиз қўриқхонага етиб боргандан муаммо ҳам бошланган. Аввалига Туризм қўмитасининг вилоят бўйича мутасаддилари телефонларини ўчириб олишган. Қўриқхонага кираверишда эса “қўриқчилар”, табиийки, техникалар учун рухсатнома сўраган. Бундан ташқари, ходимларимиз борган микроавтобус билан ичкарига киритмасликларини, фақат ўша ердаги маҳаллий транспорт воситаларида маҳаллий “ишбилармонлар” етовида ўтиш мумкинлигини айтишган.
Фақат журналистларга шундаймикин, деб суриштирсак, хорижий сайёҳларга ҳам шундай сунъий тўсиқлар яратиб, маҳаллий “ишбилармонлар”нинг “бизнесини қўллаб-қувватлаш” учун ўзига хос монополия қилиб олишган экан. Шундагина қўмита вакиллари “топишмоқ” бўлиб қолганининг сабабини тушундик.
Миллиардлар ва миллиардлар
2025 йилда Туризмни ривожлантириш жамғармасига давлат бюджетидан 100 млрд сўм ажратилган. Бу пуллар қаерга қандай сарфланаётгани ҳақида очиқ ва шаффоф маълумотлар йўқ. Биз эса 2024 йил январдан ҳозиргача Туризм қўмитаси амалга оширган давлат харидларини қараб чиқдик ва миллиардлик шартномаларнигина маълум қиламиз.
Туризм қўмитаси шу вақт оралиғида энг катта давлат харидларини реклама ва пиарга сарфлаган. Масалан, 2024 йил январда Британияда Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини илгари суриш ва реклама қилишга 521 млн сўм, февралда хорижий фирмалар орқали пиар қилиш учун 8,6 млрд сўм, Ўзбекистонда халқаро академияни ташкил қилиш учун ўтган йили 2,9 млрд сўм, бу йил май ойида эса 8,6 млрд сўм пулни тўғридан-тўғри харидлар орқали Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ўтказган.
Тошкентдаги “Ҳумо арена”да “Оққуш кўли” муз шоусини ўтказиш учун 2024 йил мартда WIND ROSE МЧЖ билан салкам 1 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган.
2024 йил 31 июлда тузилган шартномага кўра, қўмита Маданият вазирлиги ҳузуридаги халқаро фестиваллар дирекциясига 2 млрд сўмдан ортиқ пул тушириб берган. Бу пулларга маданий тадбирлар харажатлари кириб кетади. Биргина мушакбозлик учун 500 млн сўм сарфланган.
Ўтган йили юртимизда бўлиб ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти тадбирлари учун жами 22,2 млрд сўмдан кўпроқ пул ишлатилган. Бу маблағ ичида хорижий ва маҳаллий меҳмонларга семинар ўтиш, овқатлантириш, меҳмонхона ва транспорт харажатлари, кофе-брейк кабилар кириб кетади. Тадбирни INTERFORUM ДУК ташкиллаштирган. Бу очиқ манбалардаги ҳозирча энг катта сумма.
Давлат харидларида энг катта суммаларини олдик. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, хусусий турфирмалар, меҳмонхоналар билан тузилган шартномаларда ҳам бир йил ичида пуллар миқдори йиғилиб миллиардлардан ошиб кетган.
Реклама ва пиар
Туризмда реклама жуда катта аҳамият касб этади, агар у жойига етиб борса, агар у керакли нуқталарга урилса. Туризм қўмитаси миллиардларни хорижда реклама қилишга сарфлаяпти, аммо бу самара бермаяпти. Агар хато бўлса, рақамларни очиқлашсин: айнан уларнинг рекламасидан кейин туристлар оқими қанчага ортган? Билайлик.
Менимча, сайёҳлар жонли реклама, яъни одамлардан – таниши, қариндоши, дўсти, ҳамкасбидан эшитиб, кейин Ўзбекистонга келяпти. Қўмита эса бу статистикани ўз меҳнатидек жар соляпти. Ўзи асли жонли рекламадан зўри йўқ, ҳам текин, ҳам самарали. Қўмита рекламада оддий одамларгача етиб боролмаяпти.
Дейлик, Британиянинг қайсидир нуфузли телеканали орқали бизнинг сайёҳлик салоҳиятимиз ҳақида кўрсатув берилди. Оддий одамлар уни кўриши, кўрса-да, эътибор қилиб, шу ерга бораман дейиши ўта мушкул иш. Буни ўзингиз мисолида синаб олишингиз мумкин.
Оддий халққача боришнинг оммабоп йўллари кўп. Масалан, миллий киноларни кўпайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш. Кино орқали ҳам замонавий, ҳам қадимий объектларни кўз-кўз қилса бўлади. Ўзимиз қанча киноларни кўриб, ўша филмдаги чиройли манзилларга боришни орзу қилганмиз. Турк сериаллари оммалашгани унинг туризм салоҳиятига жуда катта таъсир қилади. Ўша қадимий биноларни кўриш, ўша миллат билан учрашиш учун сайёҳлар оқиб келади.
Бизда эса бари маиший сериаллар, савияси паст филмлар бор холос. Улар ҳам пандемиядан кейин йўқ бўлиб кетди. Шунинг учун аввал кинони “одам” қилиш керак.
Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси
Хулоса
Юқоридаги пуллардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Туризм қўмитаси кўр-кўрона ишлаяпти. Реклама ва пиарга маблағни аямаяпти. Аслида бу табиий, туризм реклама орқали ривожланади. Аммо бу рекламаларда ҳақиқат ҳам бўлсагина. Бизникилар эса усти ялтироқ, ичи қалтироқ қабилида иш кўраётгандек.
Рекламани кўриб, Ўзбекистонга келган сайёҳ юқоридаги ҳолатларга тушяпти ва интернетда салбий ва ноҳуш контентлар ортяпти. Туристлар Ўзбекистонда бу соҳа тизимли равишда йўлга қўйилмагани ортидан интернетда бонг урмоқда. Қўмита эса битта муносабат бериб қутуляпти.
Аслида бу энг керакли йўналиш. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам бекорга катта эътибор қаратмаяпти. Балки бошқачароқ ўйлаш, фикрлаш пайти келгандир. Эҳтимол тизимни ислоҳ қилиб, пастга, халқ орасига тушиб, сайёҳлардек юриб кўриш муҳлати етгандир.
Юқоридаги ёзган муаммоларимиз аслида биз ўзимиз дуч келганлар, яъни ўзимизга маълум бўлганлари холос. Биз кўрмаганлар, биздан яширилаётган масалалар қанча бўлса...
Бобур Жалолов,
Platina.uz бош муҳаррири