Ваъдабоз энергетиклар
Вазирликка қанча пул ажратиляпти? Субсидиялаш ҳали давом этадими? Вазир ўз ваъдасига мувофиқ қачон ишдан кетади?

Энергетика вазирлиги энг кўп гапириладиган мавзуга айланди. Бунда ижтимоий аҳамият катта рол ўйнайди. Газ ва чироқ ҳаммага бирдек, сув ва ҳаводек зарур. Буни халқ яхши билади, аммо энергетика тизимидаги амалдорлар қанчалик ҳис қиляпти?
Энергетика вазирлигига давлат бюджетидан 2025 йилда 123 млрд сўм пул ажратилган. Бундан ташқари, улар ҳар йили субсидиялаш учун ҳам маблағ олади. Аммо чироқ ўчиш муаммоси бир неча йилдан бери ҳал бўлгани йўқ, газ масаласи ҳар йили совуқда кун тартибига чиқади.
Ҳолбуки, вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов 2023 йил охирида берган интервюсида "2024 йил якунигача электр энергияси муаммоси тўлиқ ҳал этилишини, йўқса, жамоа билан ишдан кетишини" айтганди. Ҳозир 2025 йилнинг ярми ортда қолди, аммо ўша муаммолар вазир билан бирга ҳамон кун тартибида турибди.
Биз соҳага ажратилаётган пуллар миқдори, уларнинг ишлатилиш самарадорлиги, қаерларга қанчадан сарфлангани ҳақида маълумотлар олиш учун вазир матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев билан боғландик. У ҳамма маълумот борлигини айтиб, тақдим этишини билдирди. Аммо орадан 7 кун ўтса ҳам, на маълумотдан хабар бор, на мурожаатларимизга жавоб.
Субсидия
2025 йилнинг дастлабки 3 ойида бюджетдан энергетика учун жами 5,4 трлн сўм, шундан 4,4 трлн сўм газ учун субсидия ўзлаштирилган. Аммо рақамлар охиригача ва тўлиқ очиқланмаган, шаффофлик йўқ. Жамоатчилик ҳам айнан шу ёпиқликни кўп танқид қилади, лекин энергетиклар пинагини бузмайди.
"Масалан, бошқа ижтимоий, айтайлик, уй-жой учун ёки фермерга ерни лазерда текислаш учун берилган субсидияларни ким, қанча ва қачон олганини номма-ном кўриш мумкин. Ўғирлаган бўлса, ўғирлагани, алдаган бўлса, алдагани кўрилади. Ҳар йили текширилади (шунинг учун томчилатиб суғориш баҳона миллиардлаб субсидияларни ўмарган кластер ва фермерлар ё қамалган, ёки тийинигача қайтаришмоқда).
Афсуски, шонли энергетикада бундай эмас. Ўрага сичқон тушди – гулдур гуп. Ëпиқ бассейнга айланган UzGasTrade'дан триллионлаб субсидиялар кимнинг чўнтагига тушяпти, газ нархининг қайси фарқи ва қисмини қоплаяпти, импорт газ субсидияланяптими ё ўзимизнинг ўзбек газими, субсидияланган газ халққа бериляптими, бизнесгами ё экспортга кетяптими, субсидия бенефициари гонконглик ўртамчими ё кипрлик воситачи ёки швейцариялик соатфурушми, ҳеч кимга ҳеч нарса айтилмайди. Мен қўрқаманки, формал бўлсаям, халқ вакиллари бўлган депутатларгаям, ҳатто ёпиқ хатлар орқали ҳам айтишмайди. 3 йилдан бери UzGasTrade орқали тақисмланаётган субсидияларнинг мақсадли ишлатилгани ёки совурилгани бирон марта текширилдими, буям номаълум", дея куюнади блогер Отабек Бакиров.
Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси
2024 йилда субсидиялар учун 25,5 трлн сўмдан кўп маблағ йўналтирилган. Субсидияларнинг энг катта қисми энергетикага кетган: 13,9 трлн сўм. 2023 йил билан солиштирганда айрим йўналишларда субсидиялаш кескин ошган, хусусан:
- иссиқлик таъминотига 1,7 трлн сўмдан 3,9 трлн сўмгача (2 каррадан зиёд);
- жамоат транспорти учун 838 млрд сўмдан 1,2 трлн сўмгача (1,3 баробар);
- Лазерли текислашга 66 млрд сўмдан 317 млрд сўмгача (4,8 баробар);
- Томчилатиб суғоришга 124 млрд сўмдан 208 млрд сўмгача (1,7 баробар);
- Хориждан наслли ҳайвонлар келтиришга 7 млрд сўмдан 58 млрд сўмгача (8,3 баробар);
- Заковатга 33 млрд сўмдан 50 млрд сўмгача (1,5 баробар) оширилган.
Қарз
2025 йилнинг биринчи чорагида давлат қарзи 2,2 млрд долларга ўсиб, 42,4 млрд доллардан ошган. Ўтган йилнинг биринчи чорагида давлат қарзи 422 млн долларга ўсганди.
Охирги 3 ойда қарз ўсиши энг катта қисми еврооблигациялар ҳисобига жалб қилинган мажбуриятларга тўғри келган (+ 1526 млн доллар). Мазкур қарз бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Давлат қарзининг энг катта қисми бюджетни қўллаб-қувватлашга сарфланган (15,3 млрд доллар) бўлса, кейинги ўринда энергетика тизими (5,7 млрд доллар) турибди.
Энг катта қарз Осиё тараққиёт банки (7,7 млрд доллар) ва Жаҳон банкидан (7,4 млрд доллар) олинган. Қарзнинг қарийб 39,0 млрд долларлик қисми хорижий валютада, қолгани сўмда.
"Давлат қарзини ялпи ташқи қарз билан адаштирмаслик керак. Самарасиз давлат компаниялари ва банклари кўплашиб, пойга ўйнаб олинаётган ялпи ташқи қарз бу йил 70 млрд доллардан ошиб кетади", дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Тинмай ошаётган нархлар
Энергетикада нарх ошиши 2024 йилда бошланди. Ўша пайтдан табақалаштирилган тарифлар жорий этилди. Орадан бир йил ўтиб, бу йил май ойида нархлар яна оширилди. Ҳукумат қарорига кўра, энди нархлар инфляцияга қараб мунтазам ошиб бораверади. Ҳолбуки, бир марта кўтарилган нархлар 3 йилдан кам бўлмаган муддатда оширилмаслиги ҳақида ҳам ваъдалар бўлганди.
Шунингдек, ижтимоий норма ҳисобланган 200 кВт/соатгача бўлган ойлик истеъмолдан кейинги норма 1000 кВт/соатгача эмас, оралиққа 500 кВт/соатгача бўлган норма киртилди.
Шу вақтгача 201 кВт·соатдан 1000 кВт·соатгача бўлган қисми учун 900 сўмдан ҳақ тўланган бўлса, энди 500 кВт·соатгача бўлган янги миқдор оралиғида ҳар бир киловатт·соат учун 800 сўмдан тўланади. Электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда ошириб борилиши мумкин.
2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, Реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:
- электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
- табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
“Энг қизиғи, тарифларнинг кейинги йилларда ҳам ошишда давом этиши қайд этилган қарорнинг тўлиқ матни эмас, балки фақат кўчирма эълон қилинган. 800 сўмлик оралиқ шкала кейинги йилларда тарифлар оширилишини "ўтказиб олиш учун" шунчаки "хўрак" сифатида қўшилганга ўхшайди”, деб ёзган Отабек Бакиров.
"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ
Бундан ташқари, газлашмаган ҳудудларда ҳар бир хонадонга 35 кунда битта пропан балони етказилиши тартиби узлуксиз ишламаётгани ҳақида хабарлар бор. Пропан балони етказиш даврийлиги 2-3 ойга чўзилиб кетиши, бунинг устига нархлардаги фарқлар туфайли коррупциялашгани муаммога айланган. Буни ҳатто давлат раҳбари айтиб чиқди. Шавкат Мирзиёев суюлтирилган газ етказишда 60-70 кунлаб узилиш кузатилаётгани, айниқса, Андижон ва Сурхондарёда мурожаатларнинг 70 фоизи шу масала билан боғлиқлигини қаттиқ танқид қилган.
“Иссиқ кунларда газда шунча муаммо бўлса, қишда одамлар қозонини нимада қайнатади? Раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш: бу масалага икки ҳафтада ечим топсин, бўлмаса ўзи билиб жойини бўшатиб қўйсин”, деган президент.
Давлат харидлари
Энергетика вазирлиги тўғридан-тўғри давлат харидларини ҳам амалга ошириб келади. Тўғри, уларнинг аксарияти ёки жамоатчиликка очиқлангани майда суммалар. Қизиғи, тендерлари ҳақида бирорта очиқ маълумот ҳам йўқ.
Масалан, вазирлик 2025 йил 31 январ куни SILK ROAD ENERGY PLANNING ва ENGINEERING МЧЖ ҚК билан қиймати 25,6 млрд. сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Унга кўра, реал вақт режимида тармоқни мувозанатлаш тизими лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Орадан салкам ярим йил ўтяпти, бу амалга ошганми ёки йўқ, номаълум.
2025 йил май ойида эса SOLUTIONS FOR IT ХК тўғридан-тўғри шартномалар тузган вазирлик 546 млн сўмга 50 дона моноблок сотиб олган.
Хулоса
Агарки биз сўраган маълумотларни берганида шунча пуллар қаерга ишлатилаётгани, қанча станция янгиланиб, қайсилари таъмирдан чиққани ҳақида билиб олардик. Афсус, улар яна алдади. Балки аслида ҳеч нима қилинмаётгандир, қилинаётгандек кўрсатилаётгандир.
Ҳозирча шундай гаплар. Юқоридаги маълумотларнинг барчаси очиқ манбалардан олинган. Ёпиқ маълумотлар шу қадар кўпки, уларни яқин келажакда очиш имконсиз, аммо узоқ келажакда албатта имкони бўлади. Ўзбекистон халқи қишда совқотиб ўтирганда энерговалломатлар қанча газ экспорт қилгани, Россия билан яширинча тузилган 3 томонлама иттифоқнинг яширин шартлари аслида қандай бўлгани, нархларнинг тинмай ва турли баҳоналар билан ошавериши сирлари бир кун келиб барибир ошкор бўлади.
Бобур Жалолов,
Platina.uz бош муҳаррири