Нарх-наво, кредит, инфляция: асосий ставка ўзгармади

Марказий банк асосий ставка ўзгармаслиги қайси йўналишга қандай таъсир ўтказишини тушунтирди.

Иқтисод
25 январь, 16:28
Нарх-наво, кредит, инфляция: асосий ставка ўзгармади

Иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб, асосий ставка даражаси 14 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдирилди. Прогнозларга кўра, инфляция йил якунида 8-9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.

Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса, келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади.

Банк тизимида ликвидликдаги таркибий профицитнинг қисқариб бориши билан бир қаторда, пул бозорида операцияларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларининг жорий йил давомида ҳам монетар операцияларни фаол қўллаган ҳолда фоиз коридори доирасида шаклланиши учун шароит яратиб борилади. 

Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори ижобий реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг ўсувчи динамикаси сақланиб қолиши кутилмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8-9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7-8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Айни пайтда айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

Асосий ташқи хатарлар, глобал фрагментациянинг кучайиши ва юқори глобал инфляцион жараёнларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади.

Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бир томондан, истеъмол талаби бўлса, иккинчи томондан, таркибий ислоҳотлар таъсирида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг ошиши бўлади.

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиш 2024 йил 14 мартга белгиланди.

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+