Маданият вазири реклама қилган дўкон жаримага тортилди
Озодбек Назарбековда эса реклама берувчи, тайёрловчи ёки тарқатувчи сифатида иштирок этганлигининг аломатлари аниқланмаган.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков рекламасида иштирок этган кийим дўкони жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирокида кийимлар дўкони ҳақидаги реклама бўйича ўрганиш ишлари олиб борилаётганлигини маълум қилган эди.
Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, “Boutique” МЧЖ "Реклама тўғрисидаги" Қонуннинг 16-моддасини, яъни рекламада товар давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш бўйича тақиқ талабларини бузган деб топди.
Натижада, ушбу корхонага нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди ва қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Махсус комиссия томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг рекламада иштироки аниқланмади.
Озодбек Назарбеков томонидан рекламани ўз шахсий ижтимоий тармоқлари ва бошқа расмий тармоқлар орқали тарқатмаганлиги «Реклама тўғрисидаги» Қонунига асосан рекламанинг айланиши соҳасидаги иштирокчиси сифатида баҳоланмайди.