Венерага учирилган космик аппарат Ўзбекистонга қулаши мумкинми?
"Ўзкосмос" бу эҳтимолни паст баҳоламоқда. Аппарат Осиё давлатларидан бирининг ҳудудига қулаши кутиляпти.

53 йил олдин Венерага учирилган ярим тоннали “Космос-482” сайёралараро космик аппарат Осиё давлатлари ҳудудига қулаши мумкин.
1972 йилда фазога учирилган аппарат ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида Ер орбитасида қолиб кетганди.
Аппаратнинг Ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин.
"Ўзкосмос" томонидан унинг Ўзбекистон ҳудудига тушиш эҳтимоли эса 0,3-0,5 фоиз оралиғида баҳоланмоқда.
Аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетса-да, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (500 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади.
Парашют борлигига қарамай, коинотда 53 йил бўлганидан кейин у ишламаслиги мумкин. Ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 кмгача етиши кутилмоқда.
Бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин.