platina.uz

Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқ муаммоси бўйича саммитда қатнашди

Давлат етакчиси урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.

Сиёсат
11 ноябрь 2024 йил
Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқ муаммоси бўйича саммитда қатнашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 11 ноябрь куни навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлади.

Саудия Арабистони раислигида ўтган тадбирда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка қитъасининг етакчи мамлакатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, халқаро ҳамжамиятнинг Ғазо ва Ливандаги кескинликни камайтириш, юзага келаётган вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этишга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раҳбари глобал сиёсат кун тартибидаги энг ўткир ва оғриқли масала – Фаластин муаммосига бағишланган саммитни ташкил этгани учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳамда Валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Саудга алоҳида миннатдорлик билдирди.

2023 йили Ар-Риёд шаҳридаги йиғилишдан кейин ўтган вақт мобайнида ушбу уруш кўлами янада кенгайиб, Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани афсус билан қайд этилди.

Президент Фаластин-Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Бугунги саммитда глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилишига ишонч билдирилди.

Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг доимий эътибор марказида туриши зарурлиги қайд этилди.

Қадимий ва бой тарихга эга фаластин халқи 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақли экани таъкидланди.

Шу маънода, Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолияти қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, Фаластин ва Ливан ҳудудидаги гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Махсус агентлиги доирасида ёрдам кўламини кенгайтириш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон шифохоналарида беғараз даволашга тайёр эканини таъкидлади.

Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти билдирилди.

Президентимиз муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларни бешикаст сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари мазкур учрашув Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда катта қадам бўлишига умид билдирди.

Муҳокамалардан сўнг томонлар можаронинг сиёсий-дипломатик ечимини жадал излашга содиқлигини тасдиқловчи қўшма резолюция қабул қилинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+