Оҳангарондаги боғчада ҳашаротларга қарши дорини ичиб қўйган бола вафот этди
Ҳолат 2026 йил 28 август куни юз бергани аниқланди. Тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган БСМ воситасини ичиб қўйган. Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Оҳангаронда боғчада ҳашаротларга қарши дори ичиб қўйган 3 ёшли бола вафот этди. Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳодисани тасдиқлади.
Ҳодиса Оҳангарон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 6-сонли мактабгача таълим ташкилотида рўй берган.
Ўрганишлар натижасида ҳолат 2026 йил 28 август куни юз бергани аниқланди. 2023 йилда туғилган тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган БСМ воситасини ичиб қўйган. Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Афсуски, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Мавжуд маълумотларга кўра, боланинг бувиси мазкур ташкилот ошхонасида аутсорсинг ташкилоти ходими — ошпаз сифатида ишлаган. Ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтда содир бўлганлиги айтилган.
Бироқ бу ҳолат юзасидан якуний хулоса фақат ваколатли органлар томонидан ўтказилаётган тергов ва суриштирув натижаларига кўра берилади.
Тегишли ташкилотлар томонидан боланинг ошхонага қандай киргани, хавфли восита унинг қўли етадиган жойда нима сабабдан тургани ва уни сақлаш учун ким масъул бўлгани ҳар томонлама ўрганилмоқда.
"Бола ҳаётига зомин бўлган ҳодисанинг бирор жиҳати эътибордан четда қолмайди. Тергов ишлари давом этмоқда, айбдорлиги аниқланган шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилади", дейилади хабарда.




