platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Мақола

Икки қизалоқни ажратган жарроҳ, оловга кирган капитан, 80 ёшли парашютчи: «Инсон фахри»нинг янги қаҳрамонлари

Муддатидан олдин туғилган сиам эгизакларини операция қилиш орқали ажратган профессор Бахтиёр Эргашев «Йил шифокори» бўлди. Ёнғинда ҳалок бўлган капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам мукофотга лойиқ топилди.

Икки қизалоқни ажратган жарроҳ, оловга кирган капитан, 80 ёшли парашютчи: «Инсон фахри»нинг янги қаҳрамонлари
Фото: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги

26 ноябрь куни Тошкентдаги халқаро форумлар саройида «Инсон фахри» миллий мукофотининг иккинчи топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофот 10 та номинацияда меҳр-шафқат, жасорат ва фидойилик намунасини кўрсатган фуқаролар ҳамда жамоаларга берилди. «Йил шифокори» номинациясида вақтидан илгари дунёга келган сиам эгизакларини ажратиш операциясига бошчилик қилган профессор Бахтиёр Эргашев тақдирланди.

Улар дунёга келганига эндигина тўққиз соат бўлганди. Иккаласининг вазни қўшиб ҳисобланганда ҳам 3,4 килограммдан ошмасди. Шунга қарамай, Республика перинатал маркази жарроҳлари таналари бир-бирига туташиб туғилган икки қизалоқни ажратишга қарор қилди ва буни уддалади. Профессор Эргашев билан бир саҳнада яна тўққиз номинация соҳиблари турди: олов ичидан етти кишини олиб чиқиб, ўзи қайтмаган қутқарувчи, аравачада юриб қишлоқ болаларини олимпиадага тайёрлаётган ўқитувчи ва 80 ёшида осмонга сакраган собиқ муаллима шулар жумласидан.

Мукофотни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этган. У меҳр-шафқат, жасорат, фидойилик ва фаол фуқаролик позициясини кўрсатган инсонларни жамоатчилик номидан эътироф этиш учун берилади.

Бу йил мукофот янги мақомга эга бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 7 октябрдаги 540-сон қарори билан «Инсон фахри» давлат миқёсидаги миллий мукофот сифатида таъсис этилди ва энди ҳар йили топширилади.

Совриндорлар орасида шифокорлар, педагоглар, қутқарувчилар, кўнгиллилар, маҳалла жамоалари ва жамоат ташаббуслари вакиллари бор. Маросимда ҳар бир қаҳрамон ҳақида ҳужжатли видеолавҳа намойиш этилди. Мукофотларни ижтимоий-сиёсий ҳаёт, маданият, санъат, фан ва спорт соҳаларининг таниқли вакиллари топширди. Залда мукофот ғоясини қўллаб-қувватлаган юзлаб фахрий меҳмонлар ўтирди.

«Иккинчи йилдирки, мукофот юртимизда ўзгалар дардига бефарқ бўлмайдиган инсонлар кўп эканини тасдиқламоқда. Ҳар бир номинация ортида меҳнати бошқалар ҳаётини яхши томонга ўзгартираётган инсон, оила ёки бутун бир жамоа турибди», — деди агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Уч килограмм, тўққиз соат, беш соатлик операция

Кечанинг энг таъсирли ҳикояларидан бири «Йил шифокори» номинацияси совриндори, Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал жарроҳлик маркази раҳбари, профессор Бахтиёр Эргашевники бўлди.

Бу воқеа 2025 йил 25 августда юз берди. Эгизаклар муддатидан олдин туғилган эди, кутиш эса улар учун хавфли эди. Шу боис жарроҳлар операцияни кечиктирмади. Беш соатлик жарроҳликдан сўнг икки қизалоқ бир-биридан муваффақиятли ажратилди ва иккаласи ҳам омон қолди.

«Бу ўта ноёб операция. Амалиётимда сиам эгизакларини мустақил ажратишимиз иккинчи марта. Биринчисини 2022 йилда қирғизистонлик Фотима ва Зуҳра устида ўзимиз мустақил ўтказгандик. Бу сафарги операция жаҳон тиббиёти тарихида охирги 25 йил ичида шу тарзда шошилинч ўтказилган операциялардан бири ҳисобланади», — дейди профессор.

Бахтиёр Эргашев 30 йилдан ортиқ вақтдан бери энг кичик ва энг оғир беморлар билан ишлайди. Унинг айтишича, бундай операция айнан Ўзбекистонда бажарилгани унга катта ғурур бағишлайди.

«Бу мен учун жуда катта мотивация. Шаҳноза Мирзиёевага ва барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман. Лекин бу мукофот фақат меники эмас. Уни бутун Республика перинатал маркази жамоасининг мукофоти деб ҳисоблайман», — деди у.

«Чет элга олиб борамизми, деб ҳам ўйлагандик»

Эгизакларнинг ота-онаси учун операция куни ҳаётларидаги энг узоқ кун бўлди. Улар ўша соатларни ҳамон ҳаяжон билан эслайди.

«Қўрқдик. Уч килодан сал ошиқ туғилган болаларнинг операция столига ётиши жуда қўрқинчли эди. Олти соат давомида бутун оиламиз нима қилишни билмай турди», — дейди улар.

Ота-онанинг тан олишича, дастлаб хаёлларидан болаларни чет элда операция қилдириш фикри ҳам ўтган. Бироқ охир-оқибат улар ўз юртидаги шифокорларга ишонишди.

«Авваламбор Президентимизга раҳмат — шифокорларимизга шундай шароитлар яратиб бераётгани учун», — дейди улар.

«Йил шифокори»дан ташқари кимлар тақдирланди?

Халқ қаҳрамони — 22-сон Меҳрибонлик уйи футбол жамоаси. Тошкентдаги 22-сон Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари 2026 йилда болалар уйлари ўртасидаги футбол бўйича жаҳон чемпиони бўлди. Варшавадаги турнирда 35 та жамоа қатнашди, ўзбекистонлик йигитлар эса еттита ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Бу чемпионатда Ўзбекистон байроғи илк бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Жасоратнинг ёрқин намунаси — Бобурмирзо Пардаев. 15 август куни Тошкентнинг Учтепа туманидаги турар жой биносида ёнғин чиқди. Махсус қутқарув батальони гуруҳ командири, 33 ёшли капитан Бобурмирзо Пардаев етти кишини олов ичидан олиб чиқди ва бино ичида ишлашда давом этди. Шу пайт том кутилмаганда қулаб тушди. Бобурмирзо воқеа жойида ҳалок бўлди, у қутқарган етти инсон эса омон қолди.

Умр иши — Гулнора Ембергенова. У 25 йилдан ортиқ вақтдан бери Қорақалпоғистоннинг йўқолиб бораётган ҳунармандчилигини тиклаб келмоқда. Орол фожиасидан кейин «Оролнинг олтин мероси» бирлашмасини тузиб, Мўйноқ ва Оролбўйи аёлларига каштачилик, гиламдўзлик ва миллий кийим тикишни бепул ўргатмоқда. Юзлаб аёллар касб эгаллади, уларнинг бир қисми ўзи ҳам устозга айланди.

Бирдамлик кучи — «Олғабос» маҳалласи. Сайхунобод туманидаги маҳаллада раис, фаоллар, тадбиркорлар ва аҳолининг ўз кучи билан барча 14 та кўча асфальтланди, иккита кўприк қурилди, мактаб таъмирланди, ёнғиндан зарар кўрган оилаларнинг уйлари тикланди. Иссиқхоналар сони 3 тадан 42 тага етди, 502 та хонадон томорқасидан самарали фойдаланмоқда.

Бетакрор рекорд — Сония Ҳасанова. 80 ёшли собиқ ўқитувчи ҳаётида илк бор парашютдан сакраш учун аэродромгача велосипедда 118 километр йўл босди ва 3000 метр баландликдан сакради. 30 йил мактабда дарс берган Сония опа нафақага чиққач, илгари вақт топа олмаган орзуларини рўёбга чиқаришга қарор қилган: Зомин тоғларида роупжампинг қилган, ҳануз мунтазам велосипед ҳайдайди. Энг жасур қадамларининг кўпини миллий атлас кўйлакда ташлайди.

Оила тарихи — Азизбек Гадоев. Сирдарё вилоятидаги Гадоевлар оиласи 2021 йилдан бери ўн нафар болани тарбияламоқда: икки нафари ўз фарзанди, саккиз нафари ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар. Тарбияланувчилардан икки нафари олий таълим муассасасига ўқишга кирди, бошқалари вилоят спорт мусобақаларида ғолиб бўлмоқда.

Меҳр-шафқат йўли — «Меҳрли мактаб». «Замин» жамғармаси ташкил этган бу лойиҳа Ўзбекистондаги илк госпитал педагогика ташаббуси ҳисобланади. Узоқ муддат даволанаётган, жумладан онкологик касалликка чалинган болалар бу ерда ўқишни давом эттиради, ижод билан шуғулланади ва психологик ёрдам олади.

Ирода кучи — Дониёр Ғайбуллаев. Бухоро вилоятидаги Жушара қишлоғида математикадан дарс берадиган Дониёр ногиронлик аравачасида ҳаракатланади. 2018 йилда у кам таъминланган оилалар фарзандлари учун уйида бепул тўгарак очди. 2025 йилга келиб тўгарак 100 га яқин ўқувчи бепул таҳсил олаётган таълим марказига айланди. Шогирдлари Президент мактабларига кирмоқда ва халқаро олимпиадаларда олтин медаллар олмоқда.

Юрт фахри — Ислом цивилизацияси маркази. 2026 йилда марказ дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи сифатида эътироф этилди ва Ўзбекистон жаҳон рекордини ўрнатди. Марказда тарих, илм-фан ва Марказий Осиё буюк мутафаккирларининг мероси жамланган. Уни яратишда меъморлар, тарихчилар, олимлар ва реставраторлар меҳнат қилди.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, келгусида ҳар бир фуқаро inson-faxri.uz сайти орқали ариза юбориб, ўз атрофидаги муносиб инсонни номзод сифатида таклиф эта олади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid