Шавкат Мирзиёев Иорданиянинг олий давлат мукофоти билан тақдирланди
Давлатимиз раҳбарига “Ал Ҳусайн ибн Али” ордени тантанали равишда топширилди. Ўз навбатида Иордания Подшоҳи “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан мукофотланди.

Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн рафиқалари иштирокида учрашув ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон делегациясига кўрсатилаётган алоҳида иззат-икром ва эътибор учун Подшоҳга самимий миннатдорлик изҳор этиб, сўнгги йилларда Иордания эришаётган улкан ютуқларни юксак баҳолади.

Олий даражадаги ташриф арафасида ташкил этилган қатор тадбирлар давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашувдан сўнг икки мамлакат етакчиларини олий давлат мукофотлари билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарига Иорданиянинг олий давлат мукофоти – “Ал Ҳусайн ибн Али” ордени тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Президенти ушбу юксак мукофотда нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасига берилган эътирофни, балки Иордания Подшоҳининг ўзбек халқига нисбатан чексиз ҳурмати, кўп қиррали муносабатларимиз ривожига қаратаётган улкан эътиборининг ёрқин намунасини кўришини мамнуният билан таъкидлади.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари Иордания Подшоҳини мамлакатларимиз ўртасидаги яқин дўстлик муносабатлари ва ўзаро англашувни мустаҳкамлаш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун “Олий Даражали Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
Таъкидланганидек, ушбу мукофот Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг икки томонлама муносабатларни кенгайтириш йўлидаги улкан саъй-ҳаракатларига Ўзбекистон халқи ва давлати томонидан билдирилган юксак эҳтиром ифодасидир.
.jpg)
Иордания етакчиси бундай самимий эътироф учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотни бутун Иордания халқига, мамлакатларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва мустаҳкам ҳамкорликка кўрсатилган алоҳида ҳурмат рамзи сифатида қабул қилишини таъкидлади.





