platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Қамоқдаги маҳкумга камерасиз алоҳида хона берилгани аниқланди

Колония бошлиғи ўринбосари маҳкумга муассаса ҳудудида эркин яшаш ва телефондан фойдаланиш учун шароит яратиб берган. Суд уни 11 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қамоқдаги маҳкумга камерасиз алоҳида хона берилгани аниқланди
Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маҳкум шу хонада яшаб, телефон орқали онлайн-наркодўконни бошқарган. Колония бошлиғи ўринбосари пора олиш айблови бўйича оқланган, аммо мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилган. Бу ҳақда Kun.uz суд ҳужжатларини ўрганиб хабар қилди.

Маҳкум алоҳида хонада яшаган

Суд ҳужжатига кўра, 40 ёшли Қ.М. 2024 йил ноябрдан 2026 йил 10 мартгача колония бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган. У маҳкум М.О.га колония ҳудудида Telegram орқали онлайн-наркодўконни бошқариш учун шароит яратиб берган.

М.О. реабилитация марказида ходимларга ажратилган, видеокузатув камераси бўлмаган хонада яшаган. У 2025 йил 26 январдан бошлаб шу хонада бир ўзи турган. Маҳкум марказда фойдали меҳнатга жалб қилингани ҳақида буйруқ расмийлаштирилган бўлса-да, суд ҳужжатида у амалда ишламагани қайд этилган.

Тергов маълумотларига кўра, М.О. колонияга яширинча олиб кирилган телефондан фойдаланиб, интернет-наркодўкон фаолиятини юритган. У Тошкентга олиб келинган гиёҳвандлик воситаларини Сергели туманидаги яширин жойларга қўйдиришни ташкил қилган.

Судланувчилар айбни тан олмади

М.О. судда алоҳида хона унинг учун махсус ташкил этилмаганини айтган. У телефонни муассаса ҳудудига олиб кирганини тан олган, аммо ундан ҳомиладор турмуш ўртоғи билан гаплашиш учун фойдаланганини билдирган. Онлайн-наркодўкон ташкил этганини рад этган.

Қ.М. ҳам айбловга иқрор бўлмаган. У маҳкумни хонага жойлаштириш ва ишга тайинлаш масалаларини ҳал қилмаганини, телефон ҳақида фақат тезкор тадбир куни билганини айтган.

Суд Қ.М.нинг айби гувоҳ кўрсатмалари, телефон рақами ва автомобил ҳаракатига оид маълумотлар, юзлаштириш баённомаси ҳамда бошқа далиллар билан тасдиқланган, деб топди. У пора олиш айблови бўйича оқланди.

Қ.М. уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилди. Унга ички ишлар вазирлиги тизимида ишлаш ҳуқуқидан уч йилга маҳрум этган ҳолда 11 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди.

Аввалроқ ушбу иш бўйича гуруҳ раҳбари М.О. 14 йилга озодликдан маҳрум қилингани хабар қилинган.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid