Ўзбекистонда маҳкумларга олий таълим олишга рухсат берилди
Ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкум талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади.

Маҳкумлар эндиликда олий таълим олиш имконига эга бўлади.
"Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка тайёрлаш ва ижтимоийлашувини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ–397-сон, 16.11.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар асосий мақсадлар этиб белгиланди:
- 2027/2028 ўқув йилига қадар жазони ижро этиш муассасаларида 310 та ўқув ва 420 та амалий машғулотлар хонасини ташкил этиш;
- 2030 йилга қадар меҳнат бозорига мос камида 50 та касб бўйича ўқув дастурларини жорий этиш;
- ҳар йили камида 15–20 минг нафар маҳкумни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш;
- маҳкумларни касбга ўқитиш орқали такрорий жиноятчилик даражасини 30 фоизга қисқартириш.
"Янги ҳаёт" дастури доирасида 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб:
- маҳкумларга олий таълим ташкилотларига кириш ва масофавий таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқиш имкони яратилади;
- ўқишга қабул қилинган маҳкумлар масофавий таълим шаклида ўқиши учун колонияларда видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланган хоналар ажратилади.
Шунингдек:
- ёш маҳкумлар орасидан сайлов йўли билан ёшлар фаоллари танланади ва ҳар чоракда БҲМнинг уч баравари миқдорида рағбатлантирилади;
- барча колониялардаги маҳкумлар ўртасида масофавий шаклда "Ёш китобхон" танлови ташкил этилади;
колониялар кутубхоналарида "Мутолаа" платформасидан фойдаланиш имконияти яратилади.





