Фарғона водийсига электр узатувчи тармоқдаги авария бартараф этилди
Қулаган тармоқ таянчи қайта тикланиб, таъмирлаш ва синов ишлари белгиланган меъёрий муддатлардан аввал якунланган ҳамда электр энергиясини узатиш тикланган.

Тожикистон ҳудудидан ўтувчи, "Сирдарё" иссиқлик электр станцияси ҳамда "Ўзбекистон" подстанциясини боғловчи 500 кВ кучланишли "Л-503" электр узатиш тармоғидаги авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилиб, 22 ноябр куни соат 01:21 да тармоқ қайта ишга туширилди.
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, авария юз берган илк соатлардан бошлаб мутахассислар ноқулай об-ҳаво ва мураккаб тоғли-адирлик рельефи шароитида 24 соатлик узлуксиз режимда иш олиб борган.
Натижада қулаган тармоқ таянчи қайта тикланиб, таъмирлаш ва синов ишлари белгиланган меъёрий муддатлардан аввал якунланган ҳамда электр энергиясини узатиш тикланган.
Эслатиб ўтамиз, авариявий узилиш 19 ноябр куни юз берди тўхтаган ва Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр таъминотига вақтинчалик чекловлар киритилганди.





