Яшнободда 2,4 млрд сўмлик яширин колл-марказ фош этилди
Гумонланувчилар Европа мамлакатлари фуқароларига сохта ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда криптоактивлар билан ишлаш бўйича таълим бериш хизматларини таклиф қилган.

Яшнобод туманидаги хонадонлардан бирида фаолият юритган яширин колл-марказ аниқланди.
Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, гуруҳ аъзолари Яшнобод туманидаги хонадонда яширин равишда колл-марказ ташкил этиб, ўз фаолиятини олиб борган.
Гумонланувчилар Европа мамлакатлари фуқароларига сохта ҳужжатлар тайёрлаш ҳамда криптоактивлар билан ишлаш бўйича таълим бериш хизматларини таклиф қилган. Улар ушбу таклифлар орқали хорижий фуқароларни алдаш ва маблағларини қўлга киритишда гумон қилинмоқда.
Хабарда мазкур фаолият билан боғлиқ криптоактивлар айланмаси 2,4 млрд сўмни ташкил этгани қайд этилган.
Ҳолатга 10 кишидан иборат гуруҳ алоқадор экани билдирилмоқда. Улар ўз фаолиятини оддий турар жойда ташкил этилган колл-марказ орқали амалга оширган.




