Тошкентда иккита йирик халқаро кибержиноий гуруҳ аниқланди
Биринчи гуруҳ 9000 АҚШ доллари эвазига Мирободдаги бинони ижарага олган. Ушбу гуруҳлар томонидан жами 576 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активлар айланмаси аниқланган.

Тошкентда иккита йирик халқаро кибержиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси эълон қилган видеолавҳада айтилади.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор қидирув тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида Миробод тумани Фарғона 1-тор кўчасида жойлашган хонадон кўздан кечирилган. У ерда бинони ойига 9000 АҚШ доллари эвазига ижарага олиб, яширин фаолият юритиб келган 52 нафар фуқаро қўлга олинган. Мазкур гуруҳ Осиё давлатларида оммалашган яширин онлайн қимор ва ноқонуний букмекерлик ўйинлари учун пул маблағларини қабул қилиш ва транзакцияларни банк карталарига ўтказиб бериш, яъни пул ювиш билан шуғулланган.
Хонадондан 110 минг АҚШ доллари миқдоридаги нақд пул, 71 та ноутбук, 278 та телефон ва 3 та Starlink космик интернет қурилмаси ашёвий далил сифатида холислар иштирокида мусодара қилинган.
Қайд этилишича, ҳар иккала гуруҳда вазифалар ўзаро тақсимланган бўлиб, раҳбар, иш бошқарувчи, оператор ва қўриқчилар фаолият юритган.
Ушбу гуруҳлар томонидан 576 минг АҚШ доллари миқдоридаги крипто-активлар айланмаси аниқланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.





