platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Касбий сертификатлашда қатнашган ўқитувчиларнинг 62,3 фоизи синовдан ўта олмади

Таҳлилга кўра, 2024−2026 йилларда ўтказилган олтита назорат синовига жалб этилган 47 936 нафар педагог республикадаги жами 690 226 нафар педагогнинг 6,9 фоизини ташкил этади. Улардан атиги 18 079 нафари (37,7 фоиз) 56 ва ундан юқори ўтиш балини тўплаб, касбий сертификатга эга бўлган.

Касбий сертификатлашда қатнашган ўқитувчиларнинг 62,3 фоизи синовдан ўта олмади

Ўзбекистонда 2024−2026 йилларда ўтказилган касбий сертификатлаш назорат синовларида иштирок этган 47 936 нафар педагогнинг 62,3 фоизи (29 857 нафари) сертификат ололмаган бўлиб, уларнинг 24 987 нафари (83,7 фоизи) таълим ташкилотларида ишлашда давом этмоқда.

Бу ҳақда Президент администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг маълумотлари (2026 йил 8 сентябрь ҳолатига) асосида тайёрланган ахборот-таҳлилий шарҳида маълум қилинди.

Таҳлилга кўра, 2024−2026 йилларда ўтказилган олтита назорат синовига жалб этилган 47 936 нафар педагог республикадаги жами 690 226 нафар педагогнинг 6,9 фоизини ташкил этади. Улардан атиги 18 079 нафари (37,7 фоиз) 56 ва ундан юқори ўтиш балини тўплаб, касбий сертификатга эга бўлган.

Йиллар кесимида ўтиш кўрсаткичи 2024 йилда 44,3 фоизни (15 539 нафардан 6 883 нафари), 2025 йилда 29,7 фоизни (21 505 нафардан 6 388 нафари), 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида эса 44,1 фоизни (10 892 нафардан 4808 нафари) ташкил этиб, уч йил ичида 0,2 фоиз пунктга камайган. Сертификат олганларнинг ҳам 70,2 фоизи (12 693 нафар) минимал талабга яқин — 56−70 балл оралиғида натижа қайд этган бўлса, 86 ва ундан юқори балл тўплаганлар жами қатнашчиларнинг атиги 1,3 фоизини (608 нафар) ташкил этган.

Синов натижалари уринишлар кесимида ўрганилганда, биринчи уринишда қатнашчиларнинг 33,3 фоизи (15 951 нафар), иккинчи уринишда эса 31 фоизи (6 865 нафардан 2128 нафари) сертификат олгани аниқланди. Биринчи уринишда ўта олмаган 31 985 нафар педагогнинг 78,5 фоизи (25 120 нафар) навбатдан ташқари такрорий синовда қатнашиш ҳуқуқидан (тўлови БҲМнинг 50 фоизи миқдорида) фойдаланмаган. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтган 7560 нафар талабгор (ўта олмаган ҳолатларнинг 23,6 фоизи) синовга умуман келмаган ва уларга 0 балл қайд этилган.

Амалдаги регламентга кўра, иккинчи уринишдан сўнг ҳам етарли балл тўплай олмаган 4737 нафар педагог билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим эди. Бироқ уларнинг 474 нафари учинчи марта, 93 нафари эса тўртинчи марта (жами 567 нафар) синовга киритилган ва уларнинг бирортаси сертификат ололмаган (ўртача бали 39,6 балл). Икки мартадан ортиқ синовга киритиш ҳолатларининг энг кўпи Қорақалпоғистон Республикаси (124 та ёки 21,9 фоиз), Сурхондарё (65 та), Тошкент (57 та) ва Наманган (56 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Фанлари кесимидаги таҳлил

Ўқув фанлари кесимидаги таҳлил натижаларга фан бўйича билим даражаси ҳал қилувчи таъсир кўрсатишини (умумий баллнинг 79 фоизи) ва фанлар ўртасидаги тафовут 3,9 баробарга етганини кўрсатди. Камида 100 нафар қатнашчиси бўлган фанлар орасида энг юқори ўтиш кўрсаткичи давлат ва ҳуқуқ асослари (75,1 фоиз), тарих (56,6 фоиз), инглиз тили (56,6 фоиз), қорақалпоқ тили ва адабиёти (54,2 фоиз) ҳамда психология (54 фоиз) фанларида қайд этилган.

Яқин икки йилда касбий сертификатлаш қамрови янада кенгаяди: 2026 йилдан мактабгача таълим ташкилотларининг стажёр-тарбиячилари ва психологлари, 2027 йилдан эса аттестациядан ўта олмаган ва лавозимига мувофиқ эмас деб топилган педагог кадрлар ҳам ушбу назорат синовларига жалб этилади.

Агентлик хулосасига кўра, тизим кадрлар сифатининг кириш фильтри сифатида лойиҳаланган бўлса-да, ҳозирча кутилган танлов таъсирини тўлиқ бермаяпти. Агар амалдаги 37,7 фоизлик ўтиш кўрсаткичи сақланиб қолса, янги тоифаларнинг жалб этилиши сертификатсиз педагоглар сони ва ҳуқуқий низоли ҳолатларнинг янада ортишига олиб келади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid