Вояга етмаган ўқувчисига шилқимлик қилган техникум ўқитувчиси 5 суткага қамалди
Судда эркак қизни дарсдан чақириб олганини тан олган, бироқ шаҳвоний ҳаракат қилмаганини айтган.

Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида вояга етмаган ўқувчи қизга кафедра хонасида шаҳвоний ҳаракат қилган ўқитувчи 5 суткага қамалди.
Воқеа 25 сентябрь куни техникумда содир бўлган. Муассасада ишлаб чиқариш таълим устаси бўлиб ишловчи эркак ўзига бириктирилган гуруҳда таҳсил олувчи вояга етмаган қизни физика дарси пайтида ўқитувчидан рухсат олиб, аудиториядан олиб чиққан. Улар кафедра хонасига киргач, эркак ўқувчини ўзига тортиб, шаҳвоний тусдаги ҳаракатлар қилган. Шунда қиз қаршилик кўрсатиб, хонадан қочиб, дарсга қайтиб кирган.
Дарс тугаганидан сўнг ўқитувчи бегона рақамдан телефон қилиб, ўзини бошқа киши деб таништириб қизни спортзалга келишини сўраган. Ўқувчи у ерга борганида ходим турли баҳоналар қилиб, яна шилқимлик қилган. Эркакка телефон қўнғироғи бўлган пайтда қиз хонадан чиқиб қочган.
Маълум бўлишича, воқеа ҳақида қиз ўша куни ҳеч кимга хабар бермаган.
"Ҳамманинг олдида шарманда бўлишдан қўрқдим. Бундан ташқари, директоримиз йўқлиги сабабли техникумдаги бошқа ходимлар бу масалада чора кўришига ишонмадим. Директоримиз келгач, барчасини айтиб бердим", дея кўрсатув берган қиз.
Судда эркак қизни дарсдан чиқариб олганини тан олди. Лекин у ўқувчиларга берилмаган оёқ кийимлар масаласида ота-оналардан ариза йиғиш бўйича қиздан ёрдам сўраганини айтиб, шаҳвоний ҳаракатлар қилмаганини билдирган.
Эркак Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмидан (шаҳвоний шилқимлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топган. Унга 5 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.





