17 ноябр — Талабалар куни: фожиадан туғилган халқаро сана
1939 йилда Прагада юз берган фожиали воқеалардан қудратли ҳарбий-сиёсий кучга айланган толиблар-у, 2026 йилда Сербия ҳукматини ағдара олган ёшларгача: нима учун дунёда талабалар жамият тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучига айланди?

17 ноябрь: фожиадан туғилган халқаро сана
Ҳар йили 17 ноябрда дунё бўйлаб миллионлаб ёшлар Халқаро талабалар кунини нишонлайди. Бугунги кунда ушбу сана талабалик ҳаёти, дўстлик, илм-фан, ижодкорлик ва ёшлар ташаббуслари билан боғланади. Бироқ байрамнинг тарихий моҳияти анча чуқур: у мустабид тузумларга қаршилик, миллий мустақилликни ҳимоя қилиш ва талабаларнинг давлатлар тақдирига таъсир кўрсатиш салоҳиятини эслатади.
Мазкур санани нишонлаш тарихи фашистлар Германияси томонидан босиб олинган Чехословакиядаги воқеаларга бориб тақалади. 1939 йил 28 октябрда Прагада мустақил Чехословакия давлати ташкил топганининг йиллиги муносабати билан намойишлар ўтказилди. Оккупант немис маъмурияти уларни шафқатсизлик билан бостирди. Карл университети тиббиёт факультети талабаси Ян Оплетал оғир яраланиб, 11 ноябрда вафот этди. Ишчи Вацлав Седлачек ҳам қурбонлардан бири бўлди.
15 ноябрда Оплеталнинг дафн маросими кенг кўламли антифашистик намойишга айланиб кетди. Орадан икки кун ўтиб, 17 ноябрда нацистлар Чехия олий ўқув юртларини ёпиб қўйди, талабалар ҳаракати ва университет жамоатчилигининг тўққиз нафар вакилини қатл этди. 1200 нафардан ортиқ талаба Заксенхаузен концлагерига жўнатилди.
1941 йилда Лондонда халқаро талабалар жамоатчилиги вакиллари нацистлар қатағони қурбонлари хотирасига 17 ноябрни Халқаро талабалар куни деб эълон қилдилар. Ушбу ташаббус бир қатор мамлакатлар талабалар ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди.
Лекин айтиш жоиз, бу сана БМТ Бош Ассамблеясининг алоҳида резолюцияси билан белгиланган умумжаҳон давлат байрами ҳам эмас. Шунингдек, Чехия ва Словакияда 17 ноябрь Озодлик ва демократия учун кураш куни сифатида ҳам нишонланади. Россияда эса 1755 йилда Москва университети ташкил этилгани билан боғлиқ 25 январь — Россия талабалари куни кенгроқ тарқалган. Ўзбекистонда ҳам 17 ноябрь университетлар доирасида нишонланади, бироқ қонун билан белгиланган, ишланмайдиган байрам кунлари қаторига кирмайди.
Совет мафкураси ва халқаро талабалар ҳаракати
Иккинчи жаҳон урушидан кейин талабалар ташкилотлари халқаро сиёсатнинг муҳим воситаларидан бирига айлана бошлади. 1946 йилда Прагада Халқаро талабалар иттифоқи ташкил этилди. Дастлаб ташкилот таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва уруш оқибатларини бартараф этишга қаратилган фаолиятни олиб борди.
Бироқ совуқ уруш бошланиши билан унинг фаолиятида сиёсий-мафкуравий йўналиш кучайди. Совет Иттифоқи ва социалистик давлатлар халқаро ёшлар ташкилотлари орқали социалистик ғояларни тарқатиш ҳамда Москва сиёсий таъсирини кенгайтиришга интилди.
Талабалар конференциялари, ёшлар фестиваллари, маданий алмашинувлар, таълим дастурлари ва мафкуравий нашрлар орқали халқаро алоқалар тизими шакллантирилди.
Шу билан бирга, бундай ташкилотлар фаолиятини фақат сиёсий тарғибот билан изоҳлаш ҳам тарихий жиҳатдан нотўғри бўлар эди. Улар мустамлакачиликка қарши ҳаракатларни қўллаб-қувватлади, таълим лойиҳаларини илгари сурди ва ривожланаётган мамлакатлар талабалари учун ҳамкорлик майдони вазифасини бажарди.
Илмий тадқиқотлар Халқаро талабалар иттифоқида совет мафкурасининг таъсири кучайганини, шу билан бирга талабалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мустақил йўналишлар ҳам мавжуд бўлганини тасдиқлайди.
Демак, халқаро талабалар ҳаракатига икки омил таъсир кўрсатган: ёшларнинг ҳақиқий ҳамжиҳатликка интилиши ва йирик давлатларнинг сиёсий таъсир доирасини кенгайтиришга бўлган қизиқиши. Бу иккиёқлама хусусият ҳозирги даврда ҳам сақланиб қолмоқда.
Нима учун айнан талабалар ўзгаришлар етакчисига айланади?
Талабалар жамиятнинг ижтимоий тузилмасида алоҳида ўрин тутади. Улар интеллектуал фаоллик, ижтимоий интилишлар ва келажакдаги профессионал элитанинг шаклланиши кесишган нуқтада жойлашган. Талабалар, одатда, янги ғояларни тезроқ қабул қилади, таълим ресурслари, рақамли технологиялар ва коммуникация воситаларидан фаол фойдаланади.
Шу билан бирга, ёшлар адолатсизлик, коррупция, ижтимоий имкониятларнинг чекланиши, иш билан таъминлаш муаммолари ва расмий ваъдалар билан ҳаётий воқелик ўртасидаги тафовутга нисбатан сезгир бўлади.
Бу ҳолатни бир нечта ижтимоий омил билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, университет жамоавий мулоқот маконини шакллантиради. Унда шахсий норозилик умумий ижтимоий позицияга айланиши мумкин.
Иккинчидан, талабалар тезкор уюшиш имкониятига эга. Бунда талабалар бирлашмалари ва ижтимоий тармоқлар муҳим роль ўйнайди.
Учинчидан, талабаларнинг талаблари кўпинча жамият томонидан келажак авлод манфаатларининг ифодаси сифатида қабул қилинади.
Бироқ талабалар ягона сиёсий қарашга эга қатлам эмас. Улар орасида турли, ҳатто бир-бирига зид қарашлар мавжуд бўлиши табиий. Талабаларнинг сиёсий кучи намойиш иштирокчилари сони билан эмас, балки жамоатчилик талабларини барқарор институтлар ва амалий қарорларга айлантириш қобилияти билан белгиланади.
Сербия — 2026: талабалар норозилигидан парламент кўпчилигигача
Замонавий дунёда талабалар сиёсий таъсирининг энг ёрқин мисолларидан бири Сербияда кузатилди. 2024 йил 1 ноябрда Нови-Сад шаҳри темирйўл вокзали пешайвонининг қулаши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди. Фожиа жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Вокзални таъмирлаш жараёнида йўл қўйилган бўлиши мумкин бўлган қоидабузарликларни текшириш ва масъулларни жавобгарликка тортиш талаблари илгари сурилди. Талабалар норозилик акциялари, университетлардаги ўқув жараёнини тўхтатиш ва оммавий йиғилишлар ташкил этдилар. Кейинчалик ҳаракатга профессор-ўқитувчилар, турли касб эгалари ва фуқаролар қўшилди.

Дастлаб фожиа сабабларини аниқлашга қаратилган талаблар коррупцияга қарши кенгроқ сиёсий дастурга айланди. Узоқ давом этган сиёсий инқироз натижасида 2026 йил 25 октябрда Сербияда навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра, талабалар қўллаб-қувватлаган «Талабалар рўйхати — талабалар ғалаба қозонмоқда» сайлов бирлашмаси 250 ўринли парламентда 140 та мандатни қўлга киритди. Александр Вучич билан боғлиқ «Бирлашган Сербия» рўйхати эса 103 та мандат олди.
Бу натижа талабалар ҳаракати кўча норозилигидан парламентдаги сиёсий вакиллик даражасига кўтарилиши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ сайловдаги ғалаба самарали давлат бошқарувини автоматик равишда кафолатламайди. Янги парламент кўпчилиги олдида қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, ислоҳотларни амалга ошириш ва жамиятда сиёсий барқарорликни сақлаш вазифалари турибди.
Шу билан бирга, ушбу воқеалар ахборот манипуляциялари хавфини ҳам намоён этди. Айрим сиёсий кучлар талабаларни хорижий давлатлар манфаатларига хизмат қилишда айблади. Бироқ бу айбловларни тасдиқловчи ишончли оммавий далиллар тақдим этилмади.
Хитой: Тяньаньмэнь майдонининг фожиали сабоқлари
Талабалар ҳаракатининг яна бир муҳим тарихий мисоли 1989 йилда Хитойда кузатилган.
Ўша йил баҳорида Пекин талабалари коррупцияга қарши курашиш, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш ва цензурани юмшатиш талаблари билан оммавий чиқишлар бошлади. Тяньаньмэнь майдони намойишлар марказига айланди.

Вақт ўтиши билан ҳаракат талабалар доирасидан чиқиб, ишчилар ва бошқа ижтимоий қатламларни ҳам қамраб олди. 1989 йил 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси Хитой ҳукумати Пекиндаги намойишларни бостириш учун қуролли кучлардан фойдаланди.
Полиция талабаларга қарата ўқ узди. Минглаб талабалар пашшадек қириб ташланди.

Майдонда қон ариқ бўлиб оқди. Хитой ҳамон бу воқеалар борасидаги холис маълумот ва рақамларни ошкор қилмаган, ҳатто бу ҳақда эслаш ва ёзишни ҳам тақиқлайди.
Хитой расмийлари ўша даврдаги воқеаларни сиёсий барқарорликка жиддий таҳдид сифатида баҳолаган. Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари эса қуролсиз намойишчиларга қарши ҳарбий куч ишлатилишини инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши деб ҳисоблайди.
Хитой ва Сербия тажрибаларини таққослаш шуни кўрсатадики, талабалар норозилигининг оқибатлари фақат ҳаракат миқёсига боғлиқ эмас. Бунда давлатнинг муносабати, сиёсий институтларнинг ҳолати, мулоқотга тайёрлик ва зиддиятларни тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
.jpg)
«Толибон»: талабалар сиёсий кучга айланган ҳаракат
«Толибон» номи «толиб» — исломий мадрасада таҳсил олувчи ўқувчи сўзидан келиб чиққан. Ҳаракат 1990-йилларда Афғонистонда, асосан, диний мадрасалар талабалари ва қуролли тўқнашувларда қатнашган собиқ жангчилар иштирокида шаклланган. Диний мафкура, фуқаролар уруши оқибатлари ва аҳоли норозилигидан фойдаланиб, толиблар қудратли ҳарбий-сиёсий кучга айланган.

Улар 1996 йилда Кобулни эгаллаган, 2021 йилда эса Афғонистонда ҳокимиятни қайта қўлга киритган. Уларнинг бошқаруви аёллар ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш имкониятларининг кескин чекланиши билан характерланади. Бу тарихий мисол ёшлар қандай қилиб радикал сиёсий сафарбарлик воситасига айланиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ барча мадраса талабаларини «Толибон» ҳаракати билан тенглаштириш мутлақо нотўғри, албатта.
Ёшлар: фуқаролик фаоллиги ва ташқи таъсир ўртасида
Бугунги талабалар ҳаракатлари глобал ахборот рақобати шароитида фаолият олиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлар минглаб ёшларни қисқа вақт ичида бирлаштириш имконини беради. Бироқ улар ёлғон маълумотлар, ҳиссий провокациялар ва манипулятив чақириқларни тарқатиш воситасига ҳам айланиши мумкин.
Хорижий давлатлар, сиёсий тузилмалар, экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ёшлар аудиториясига ахборот кампаниялари, сохта жамоалар, молиявий рағбатлантириш ёки ёллаш усуллари орқали таъсир ўтказишга уриниши эҳтимолдан холи эмас.
Лекин бу ерда муҳим чегара мавжуд. Тинч фуқаролик норозилиги, қонуний халқаро ҳамкорлик, сиёсий тарғибот ва жиноий фаолият бир хил тушунчалар эмас. Намойишда иштирок этишнинг ўзи хорижий аралашувни исботламайди. Шунингдек, алоҳида содир этилган зўравонлик, вандализм ёки талончилик ҳолатлари учун бутун талабалар ҳаракатини жавобгар деб ҳисоблаш тўғри эмас.
Радикаллашув хавфи, айниқса, жамиятда норозиликни тинч ифода этиш ва муаммоларни очиқ муҳокама қилиш механизмлари заиф бўлган шароитда кучайиши мумкин.
Шу боис ёшларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш фақат тақиқлар билан чекланмаслиги керак. Мустақил журналистика, медиасаводхонлик, давлат институтларига ишонч ва очиқ жамоатчилик мулоқоти муҳим профилактик воситалар ҳисобланади.
Ўзбекистон талабалари — янги ижтимоий ресурс
Мамлакатда олий таълим қамровининг кенгайиши талабаларнинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини оширмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 1 миллион 535 минг нафар талаба таҳсил олган. Бу 1991/1992 ўқув йилидаги кўрсаткичдан қарийб 4,6 баравар кўп. Талабаларнинг 782,9 минг нафари хотин-қизлар, 752,1 минг нафари эркаклар бўлган.
Бундай ўсиш янги имкониятлар билан бирга, таълим сифати, академик ҳалоллик ва битирувчиларнинг иш билан таъминланишига нисбатан талабларни ҳам кучайтиради.
Агар университет диплом берса-ю, меҳнат бозори талаб қиладиган билим ва кўникмаларни етарлича шакллантирмаса, ёшларнинг ижтимоий кутилмалари билан иқтисодиёт эҳтиёжлари ўртасида тафовут пайдо бўлади. Ўзбекистон учун энг мақбул йўналиш — талабаларни жамият тараққиётининг тўлақонли иштирокчиларига айлантиришдир.
Ёшлар маҳаллий муаммоларни ўрганиш, волонтёрлик, тадбиркорлик, экология, илм-фан ва жамоатчилик муҳокамаларида фаол қатнашиши лозим.
Талабаларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими, стипендиялар ажратишнинг шаффоф механизмлари ва университет раҳбарияти билан самарали мулоқот алоҳида аҳамиятга эга.
Хулоса: талабалар сиёсат эмас, тараққиёт омили
Халқаро талабалар куни тарихи муҳим ҳақиқатни кўрсатади: талабалар ҳеч қачон фақат билим олиш билан чекланган ижтимоий қатлам бўлмаган.
Турли даврларда улар антифашистик қаршилик, демократик ўзгаришлар, миллий озодлик ҳаракатлари ва ижтимоий ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айланган.
Айни пайтда, ёшлар ташқи мафкуравий таъсир, сиёсий манипуляция ва ахборот кампанияларининг нишони ҳам бўлиши мумкин. Бироқ бу таъсирнинг натижаси давлат институтларининг сифати, жамоатчилик мулоқоти ва барча иштирокчиларнинг масъулиятига боғлиқ.
Ўзбекистон учун асосий вазифа талабаларнинг ижтимоий фаоллигини сунъий чеклаш ёки университетларни сиёсий тарғибот майдонига айлантириш эмас. Аксинча, мустақил фикрлайдиган, билимли, ватанпарвар, танқидий таҳлил қилиш қобилиятига эга ва жамият олдида масъулиятини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялаш устувор аҳамиятга эга.
Кучли давлатга сўзсиз итоат этадиган талабалар эмас, балки миллий манфаатларни ҳимоя қила оладиган, ҳақиқатни тарғиботдан ажратадиган ва жамият тараққиётида конструктив иштирок этадиган билимли, масъулиятли ёшлар керак.
17 ноябрнинг замонавий мазмуни ҳам шунда: тарихдан сабоқ олиш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ва ёшлик қувватини вайронкор кучга эмас, балки барқарор келажак пойдеворига айлантиришдан иборат.
Абулфайз Сайидасқаров





