Учта ОТМ ректори ўз вазифасидан озод этилди
Аввалроқ Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов бешта ректорни ишдан олгани хабар берилганди. Кейинроқ вазир бу маълумотни инкор этди.

Тошкент кимё-технология институти ректори Ботир Усмонов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Холиқов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
ТКТИ матбуот котибининг маълум қилишича, ОТМга 2020 йилдан буён раҳбарлик қилиб келган Ботир Усмонов 9 ноябрь куни ўз хоҳишига кўра ариза ёзиб, лавозимидан озод этилган.
Ҳозирда ректор вазифаси Тойир Сафаровга юклатилган. Тойир Сафаров 1968 йилда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 1990 йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича кимёгар-технолог, техника фанлари доктори (DSc), профессор.
Шунингдек, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ҳам лавозимини тарк этган.
Илҳом Тўхтасинов 2023 йилда ректор этиб тайинланган эди. Тайинловга қадар у Самарқанд давлат чет тиллар институти раҳбари лавозимида ишлаган.
Шу билан бирга, Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Холиқов ҳам ишдан кетди. “Дарё” нашрининг институтдаги манбаси ҳам бу хабарни тасдиқлади.
Қўшимча қилинишича, институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Умид Жуманазаров ректор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
Аввалроқ Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов бешта ректорни ишдан олгани хабар берилганди. Кейинроқ вазир бу маълумотни инкор этди.





