Зироат Мирзиёева Туркий давлатлар ташкилоти Оила ва хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди
Ўзбекистон биринчи хоними ўз нутқида қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Анқара шаҳрига ташрифи ва Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ТДТ Оила ва хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этди.
ТДТнинг 13-саммити доирасида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар кенгаши туркий давлатлар ўртасида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Кенгаш ҳузуридаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларидан иборат Олий фахрий кенгашнинг илк йиғилиши "Ҳамжиҳатликдан институционал ҳамкорлик сари: Туркий дунёда оила ва хотин-қизлар" мавзусига бағишланди.

Зироат Мирзиёева ўз нутқида қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
– Аёлнинг билими ва меҳнати қадрланган, оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топган муҳит бутун жамиятни мустаҳкамлайди,– деди Биринчи хоним.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди. Болалар ва ўсмирлар учун хавфсиз интернет муҳитини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзининг якунида Зироат Мирзиёева йиғилишни ташкил этгани учун Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоғанга ташаккур изҳор этди. Қабул қилинган қарорлар оилалар хотиржамлиги, хотин-қизлар учун янги имкониятлар ва болалар фаровонлигига хизмат қилишига умид билдирди.





