2026 йилги пахта йиғим-терими режаси ортиғи билан бажарилди
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта йиғим-терими ҳали якунланмаганини билдирди. Ҳозирда 49 минг гектардан ортиқ майдонда биринчи терим ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонда 2026 йилги пахта йиғим-терими бўйича белгиланган режа ортиғи билан бажарилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 22 октябрь ҳолатига мамлакат бўйича 4 миллион 630 минг тонна пахта йиғиб олинган. Йиғиб олинган ҳосилнинг 3 миллион 515 минг 597 тоннаси қарийб 3 мингта замонавий пахта териш машинаси ёрдамида терилган. Мамлакат бўйича механизациялашган терим улуши ўртача 76 фоизга етган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Жиззах вилоятида қайд этилган. Бу ерда ҳосилнинг 98,5 фоизи техникалар ёрдамида йиғилган. Сирдарёда мазкур кўрсаткич 94,2 фоизни, Тошкент вилоятида эса 81,2 фоизни ташкил қилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пахта йиғим-терими ҳали якунланмаганини билдирди. Ҳозирда 49 минг гектардан ортиқ майдонда биринчи терим ишлари давом этмоқда.





