platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жамият

Тошкентдаги иссиқхоналарга экологик технологияларни жорий қилиш шарти билан ишлашга рухсат берилиши мумкин

Иситиш тизимларига эга бўлган ҳамда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш таклиф қилинмоқда. 

Тошкентдаги иссиқхоналарга экологик технологияларни жорий қилиш шарти билан ишлашга рухсат берилиши мумкин

Пойтахт минтақасида тунги вақтда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва шамолсиз об-ҳаво шароитида атмосферада инверсия табиий ҳодисаси кузатилиши натижасида кўмир ёқилғисидан фойдаланадиган иссиқхона хўжаликларидан чиқадиган ифлослантирувчи моддалар бўйича фуқароларнинг мурожаат ва шикоятлари кўпайди.

Жумладан, Юнусобод тумани аҳолиси атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашгани, шунингдек, иссиқхоналарни иситиш мақсадида кўмирдан фойдаланиш оқибатида юзага келадиган нохуш ҳидлар ҳақида хабар берган. Фуқароларнинг мурожаатларида келтирилган барча ҳолатлар бўйича тегишли ташкилотлар томонидан воқеа жойига чиққан ҳолда тегишли ўрганиш ишлари олиб борилди.

Тошкент шаҳри атмосферасига ифлослантирувчи моддаларни чиқараётган шахсларга нисбатан зудлик билан қатъий чоралар кўриш учун ишончли маълумотларни олиш мақсадида ҳаводан намуналар олинди.

Махсус комиссия Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ҳолатига турли антропоген манбаларнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Уларнинг асосийлари саноат корхоналари, автотранспорт воситалари (электробуслар ва электромобиллар бундан мустасно), Тошкент шаҳрининг иситиш тизими, күз-қиш мавсумида эса пойтахт минтақасидаги аҳоли яшаш ҳудудларига яқин жойлашган иссиқхона хўжаликларидир. Таъкидлаш жоизки, иссиқхона хўжаликлари вакиллари амалдаги объектларни модернизация қилиш, экологик тоза иситиш технологияларига ўтиш ва экологик хизматлар томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ чиқиндилар миқдорини хавфсиз даражагача камайтиришга тайёр эканликларини билдириб, бир неча бор мурожаат қилган. Иссиқхона хўжаликлари томонидан энергия тежамкор технологияларга ўтиш, шунингдек, замонавий иситиш тизимлари билан қайта жиҳозланиш ва атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларни онлайн режимда мониторинг қилиш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Жумладан, иситиш тизимларига эга бўлган ҳамда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олган иссиқхона хўжаликлари фаолиятини табиий газ, шу жумладан, суюлтирилган газ, электр, геотермал ва қуёш энергияси, шунингдек, иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариладиган иккиламчи иссиқлик энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш таклиф этилмоқда.

Ушбу технологиялардан фойдаланиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда, иссиқхона хўжаликлари иситиш мақсадида кўмир ёқилғисидан ҳам фойдаланишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Бунда иссиқхоналар ифлослантирувчи моддалар ташламалари бўйича белгиланган стандартларга жавоб берадиган замонавий сертификатланган иситиш қозонлари билан жиҳозланиши, чиқиндиларни тозалаш ва фильтрлаш тизимлари мажбурий тартибда ўрнатилиши, шунингдек, видеокузатув тизимлари жорий қилиниб, тегишли маълумотлар ва видеотасвирлар Экология қўмитаси ҳузуридаги Миллий экологик мониторинг марказига узатилиши лозим. Мазкур таклифлар Экология қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва бошқа тегишли давлат идоралари вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди. Иссиқхона хўжаликлари томонидан Хитой технологиялари асосида ишлаб чиқилган қозонхона ускунаси ва фильтрлар тизимидан иборат комплекс иситиш тизимининг тажриба намунаси тақдим этилди. Миллий экологик мониторинг маркази мутахассислари томонидан, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Экология қўмитаси Жамоатчилик кенгаши иштирокида тасдиқланган услубият асосида атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори бир неча бор ўлчанди. Жорий йилнинг 30 сентябрь ва 8 октябрь кунлари тақдим этилган фильтрнинг тажриба намунаси бўйича ўтказилган ўлчовлар аҳоли саломатлиги учун хавфсиз бўлган ташламалар кўрсаткичлари белгиланган меъёрларга мувофиқ эмаслигини кўрсатди.

Эришилган келишувга мувофиқ, иссиқхона хўжаликлари тақдим этилган фильтр намунасини такомиллаштириши, у тайёр бўлгач эса Ишчи гуруҳ томонидан тегишли ўлчовлар қайта ўтказилиши белгиланди. Қўшимча равишда маълум қилинадики, ҳозирги вақтда Ишчи гуруҳ томонидан иссиқхона хўжаликлари қозонхона ускуналари фильтрлари учун хавфсиз чиқинди стандартларини тасдиқлашга қаратилган ҳужжат лойиҳаси тайёрланди. Шу билан бирга, «яшил иссиқхоналар»га айланишни режалаштираётган хўжаликлар учун салмоқли субсидиялар ва солиқ имтиёзлари пакетини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг фуқаролар саломатлигига етказаётган зарарини инобатга олган ҳолда, экологик хавфсиз иситиш тизимлари билан жиҳозланмаган иссиқхона хўжаликларининг пойтахт минтақасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига нисбатан тақиқ сақланиб қолади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга нисбатан амалдаги мораторий талабларига риоя қилган ҳолда иссиқхона хўжаликлари фаолияти устидан доимий экологик мониторингни амалга оширади.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid