Озарбайжон садолари Бухорода янгради
Бухорода “Озарбайжон маданияти: адабиёт ва санъат ҳафталиги” ўтмоқда. Ҳафталик доирасида Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорлари иштирокида концерт дастури ташкил этилди.

Бухорода “Озарбайжон маданияти: адабиёт ва санъат ҳафталиги” доирасида “Бухорода Озарбайжон садолари” номли концерт дастури ташкил этилди.
Бухоро Ёшлар марказида бўлиб ўтган тадбирда Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорлари биргаликда иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, доктор Рашад Маммадов Бухорода кўрсатилган самимий меҳмондўстлик ҳамда тадбирларни ташкил этишда кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга ва Бухоро шаҳар ҳокимлигига ўз миннатдорлигини билдирди.
Элчи икки халқни бирлаштириб турувчи муштарак тарихий ва маданий қадриятлар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, мазкур концерт дастури Озарбайжон мусиқа санъатининг бой мероси ва миллий ижрочилик анъаналарини Бухоро жамоатчилигига кенг таништириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бундай маданий лойиҳалар икки мамлакат санъат вакиллари ўртасидаги ижодий алоқаларни кенгайтириш, маданий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда томошабинларни Озарбайжоннинг бой мусиқий мероси билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг сўзга чиққан Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик муносабатлари, шунингдек, икки томонлама алоқаларнинг турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани ҳақида фикр билдирди. У халқларимизнинг муштарак тарихий илдизлари, бой маданий мероси ва умумий маънавий қадриятлари мазкур муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.
Ботир Зарипов “Озарбайжон маданияти: адабиёт ва санъат ҳафталиги” доирасида Бухорода бундай концерт дастурининг ташкил этилишини юксак баҳолаб, ушбу маданий тадбир икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш, халқларимизнинг бир-бири санъати ва маданий меросини чуқурроқ англашига хизмат қилишини қайд этди.
Озарбайжон ва Ўзбекистон санъаткорлари ижросида янграган мусиқий асарлар концерт дастурига ўзгача файз ва жозиба бағишлаб, томошабинларга кўтаринки кайфият ва унутилмас таассуротлар улашди.





