Жанубий Корея Украинадаги элчисини чақириб олишини маълум қилди
Бунга Украина президенти БМТ минбарида урушда асирликка тушган Шимолий Кореянинг икки ҳарбийсини Жанубий Кореяга жўнатгани ҳақидаги махфий маълумотни ошкор қилгани сабаб бўлган.

Жанубий Корея Украинадаги элчисини чақириб олишга қарор қилди. Бу ҳақда мамлакати Ташқи ишлар вазирлигининг расмий баёнотида маълум қилинди.
"Ҳукумат ўз элчисини Украинадан ватанга чақириб олишга қарор қилди", — дейилади баёнотда.
Корея ОАВлари қайд этишича, элчининг Сеулга чақириб олиниши дипломатик норозиликни англатади. Бу қарор икки давлат ўртасида Украина томонидан Шимолий Кореянинг икки нафар ҳарбий асирини Жанубий Кореяга топширилиши билан боғлиқ ҳолатлар атрофида "ошкор этилмаган келишув" мавжудлиги масаласида давом этаётган кескинлик фонида қабул қилинган.
"Ҳукумат икки давлат ўртасидаги барча ҳал этилмаган масалалар тинч йўл билан тартибга солинишини кутмоқда ва бу йўналишда Украина томони билан маслаҳатлашувларни давом эттиради", — дея таъкидланган Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, можаро Владимир Зеленский 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида кутилмаганда Киев яқинда Украина Қуролли Кучлари томонидан асирга олинган Шимолий Кореянинг икки нафар ҳарбий хизматчисини Жанубий Кореяга топширганини маълум қилганидан сўнг бошланган.
Шундан кейин Корея Республикаси президенти Ли Чже Мён Украина томони махфийлик тўғрисидаги келишувни бузганини маълум қилиб, юз берган воқеани "ниҳоятда ачинарли" деб атади.





