Миллий кутубхона ортидаги автотураргоҳнинг экологик экспертиза хулосаси йўқлиги маълум бўлди
Лойиҳада 1 000 дан ортиқ дарахт ва бута экилиши режалаштирилгани қайд этилган. Бироқ янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ва рекреацион аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди, дейилади Экология қўмитаси муносабатида.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш лойиҳаси режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилганди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумотига кўра, мазкур лойиҳа бўйича ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас.
Шу сабабли ҳудудда ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан дарахт ва буталарга, яшил майдонларга ҳамда тупроқ қопламига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилмасдан амалга оширилиши мумкин эмас.
Лойиҳада 1 000 дан ортиқ дарахт ва бута экилиши режалаштирилгани қайд этилган. Бироқ янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ва рекреацион аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди, дейилади муносабатда.
Қўмита ҳудуддаги мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказиш зарур, деб ҳисоблашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳа фаолларнинг танқидларига ҳам сабаб бўлганди.




