“Бу шунчаки кўзни шамғалат қилиш”: фаоллар яшил ҳудудда автотураргоҳ қурилишига қарши
Тошкент марказида Миллий кутубхона ва Ёшлар ижод саройи ўртасидаги 1,3 гектар яшил ҳудуда автотураргоҳ қуриш режаси эътирозларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги фаоллар бу ҳақида ўз фикрларини билдиришди ва мавҳум қолаётган саволларни ўртага ташлашди.

Тошкент марказида Миллий кутубхона ва Ёшлар ижод саройи ўртасидаги 1,3 гектар яшил ҳудудда автотураргоҳ қуриш режаси жамоатчилик фаоллари эътирозига сабаб бўлмоқда.
Кеча, Тошкент шаҳрининг қоқ марказида пулли “парковка” ташкил қилиниши бўйича ҳокимлик қарори ҳақида материал эълон қилинган эди. Гап Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, Мустақиллик майдони ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бинолари оралиғида жойлашган, ҳозирда тўлиқ кўкаламзорлаштирилган ҳудуд ҳақида кетмоқда.
Шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан 14 сентябрда имзоланган қарор Миллий кутубхона ортидаги яшил ҳудудда давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш шартларини тасдиқлаган. “Toshkent Invest” компанияси давлат шериги сифатида белгиланиб, ер солиғи ставкаси 514 млн 228 минг сўм этиб кўрсатилган. Шартларга кўра, бу ҳудудда ташкил этиладиган автотураргоҳдан тушадиган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса “Пулли тўхташ жойи” операторига ўтказилади.
Нега айнан шу жой танлангани бўйича, ҳокимлик вакили Platina.uz саволларига жавоб берган эди. Аммо кун бўйи ҳокимликнинг бу “ташаббуси” ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги фаоллар бу ҳақида ўз фикрларини билдиришди ва мавҳум қолаётган нарсалар бўйича саволларини ўртага ташлашди.
Кутубхона ва бир қанча ташкилот ҳамда идоралар жойлашган ҳудуд тақдири жамоатчилик фаолларида хавотир уйғотмоқда.
“Техник шартларда автотураргоҳ билан бирга, “хиёбон ташкил қилиш” режаси ҳам кўзда тутилган бўлса-да, бу шунчаки кўзни шамғалат қилишдан бошқа нарса эмас, деб ўйлаймиз. Шундоқ ҳам хиёбон у ерлар”, – дея ёзади “Davletov.uz” Telegram канали асосчиси Қобил Хидиров.
Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев бу ҳудуд халқ учун хизмат қилаётганини таъкидлаб, агар ўша жойдаги идораларга автомобил қўйиш учун жой керак бўлса ҳокимлик идораларнинг ҳовлиларини хусусий шериклик асосида инвесторга бериб кўп қаватли автотураргоҳ қуриб бериш кераклигини ёзди.
“Ҳеч қанақасига мантиқ йўқ-да лекин: биринчидан, шу атрофдаги давлат ташкилотларининг бари, ҳатто Миллий кутубхонанинг ўзи ҳам яқин йилларда Янги Тошкентга кўчирилади, у ердаги амалдорлар машинасини бу ерга қўйиб, Янги Тошкентга кетмайди-ку. Иккинчидан, ўша атрофда аллақачон пуллик автотураргоҳ (паркинглар) ташкил қилинган. Улар ҳам ўша ердаги “машина қўйишга жой топиш” муаммосини ҳал қила олмаётган бўлса, янги 1,3 гектарлик автотураргоҳ ҳам бу муаммони ҳал қила олмайди, чунки муаммо бутунлай бошқа жойда.
Учинчидан, ҳокимлик машина эгаларига яхшилик қилмоқчи бўлса, ўша атрофдаги ишлаётган давлат хизматчиларининг машиналарига жой топиб бермоқчи бўлса, ана, Қичқириқда қилган ноу-хаусини шу ташкилотларнинг ҳовлиларида татбиқ этсин: ҳар бирининг ҳовлисига қават-қават автоматик автотураргоҳлар қуриб берсин. Ана ўша ғояни аукционга чиқариб, хусусий шерик топиб, муаммони шундай ҳал қилаверсин. Лекин қишин-ёзин халққа хизмат қилиб турган бир бўш майдонга тегмасин. Сўрамасдан тегишга ҳақи ҳам йўқ.
Бу ҳокимликдаги қарор қабул қилувчиларни ҳокимни халқ сайлаб қўйганида ҳам бир нави эди, “ҳа, энди, халқнинг иродаси шу экан”, деб қўя қолсак. Лекин бундай ҳам эмас. Қолаверса, Тошкент фақат ҳайдовчилардан иборат эмас. Шаҳар маркази ҳам машиналарники эмас”, – дейди журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.
Яна бир жамоатчилик фаоли ва Адлия вазирининг Тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова яшил ҳудудни чопмасликни айтиб, бу ҳудудда ишга машинада келадиган, кун бўйи ўтириб ишлайдиган ва тушлик пайти юриб виждонини тинчлантирадиган яшил макон эканлигини ўзининг Telegram саҳифасида ёзди.
“Айтганча, бугун ҳам автомобилсиз кун. Айни кунда шаҳар марказидаги кўпчилик пиёда сайр қиладиган ернинг автотураргоҳ учун сотувга чиқарилиши ҳақида хабар тарқаши бир тасодиф бўлса-да, жуда хунук тасодифдир.
Бу ерга тегманглар. Асфальт кўп пойтахтимизда ёзда иссиқда яшаб бўлмай қоляпти. Ундан кўра автомобилдан воз кечишга чиндан рағбат берадиган чоралар кўпайтирилиши керак. Акс ҳолда "Автомобилсиз кун"ларимиз моҳиятан "Автомобилни офисдан нарироққа қўйиб келиш куни" бўлиб қолаверади”, – дейди Соатова.
Иқтисодчи Ботир Қобилов Ёшлар ижод саройи ва Миллий кутубхона ўртасидаги ерни “парковка” қилинаётганини мажозий, айниқса шаҳарнинг қоқ марказида эканлигини хато деб атади.
“Шаҳардаги энг қадрли ерни парковкага айлантириш бу исрофгарчилик. Шу жойда одамлар юрар эди, бироз бўлса ҳам. 99% вақтда қимирламасдан турадиган машинага парковка қилиш ўрнига болаларга, одамларга юрадиган, дам оладиган жой қилиш керак эди. Миллий кутубхонанинг ёнида яна.
Бундай парковкалар шаҳар марказига янада кўпроқ машиналар киришига таклифнома сифатида хизмат қилади. Уч қадам узоқда метро бекати бор. Шаҳарнинг қоқ марказида машинада кириб келишга камроқ рағбат яратиш керак эди, тескариси бўлаётган экан.
Табриклайман, марказда янада кўпроқ тирбандлик бўлади демак”, – дея ёзади иқтисодчи.
Журналист Илёс Сафаров ишни ташкил қилишдаги ўлда-жўлдалик, бир қўл билан қуриб иккинчи қўл билан бузишдек мантиқсизликлар давом этаётгани ёзди. Унинг фикрича, автотураргоҳ қурилаётган ҳудуд ёшлар ҳар куни келиб велосипедда сайр қиладиган, кексаларимиз ва оилалар айланиб юриб, соғлиғини тиклайдиган, умуман, пойтахт марказидаги саноқли, энг хушманзара ва жонли масканлардан бири.
“Постни бекорга иш ташкил қилишдаги ўлда-жўлдалик масаласидан бошламадим. Қаранг, тез-тез такрорланаётган экологик фалокатлардан кейин Тошкентда яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳақида жуда кўп гапириляпти. Бу масалада ўндан ортиқ қарор ва фармон чиққандир, ҳисобни санаганим йўқ. Лекин бир томонда яшиллик ҳақида гапирилиб, иккинчи томонда тайёр, неча йиллик яшил ҳудудлар аукционга чиқариб сотилмоқда. Ахир бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас-ку. Шаҳарга машина сиғмай қолган бўлса, унинг ечими одамлар сайр қиладиган, ҳордиқ чиқарадиган ҳудудни асфальтга айлантириш ҳисобига бўлиши керак эмас-ку”, – дея ёзади Сафаров.
У шахсан ҳали яшил ҳудудни кўпайтириш топшириғи асосида шу пайтгача амалда нима ўзгарганини билмаслигини, бирор маълумотга кўзи тушмаганини айтди.
“Марҳамат, кўпайтиришган бўлса, ҳокимликдагилар чиқиб ҳисоб берсин. Лекин мен бугун ҳокимлик пойтахтнинг энг яхши майдонларидан бирини йўқотмоқчи эканини кўряпман. Бу эса кимлардир бойиши учун вазиятнинг, яшилликнинг жиддий манфийга кетиши.
Шахсан мен пойтахтнинг бир яшовчиси сифатида халққа ва шаҳар экологиясига қарши жиноятга тенг бўлган бу лойиҳага қатъиян қаршиман. Ўз тақдирини ва келажагини шу шаҳар билан боғлаган бошқалар-да бу лойиҳага ўз муносабатини билдириши, овозини чиқариши керак. Шаҳар аввало инсонлар учун.
Ҳокимлик аукционни дарҳол бекор қилиши ва пойтахт аҳолиси ҳамда жамоатчилик олдида узр сўраши керак”, – дея ёзади журналист Илёс Сафаров.
Бу ҳолатга иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ҳам Telegram саҳифасида ўз фикрини билдирди.
“Шаҳарларда, айниқса, марказларда жерусти автотураргоҳлар қурилиши жуда бир эски шаҳарсозлик хатоларидан бўлар эди. Дарахтлар экиб қўйишса бўлар эди ўша ерларга”, — деб ёзди иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов.
Мобиллик ва инфратузилма сиёсати бўйича эксперт Бобур Сирожев Gazeta.uz’га мазкур ҳолат бўйича ўз изоҳини берди. Эксперт саволлари:
“Агар амалда автотураргоҳ ўринлари сони кўпаяётган бўлса, ушбу автотураргоҳ шаҳар марказига тушадиган юкламани қандай қилиб камайтириши керак?”
Ҳозир бу ҳудудда машиналар фақат Буюк Турон кўчаси бўйлаб ноқонуний қўйилмоқда, уларнинг сони эса кўпи билан 100−150 та атрофида. Янги автотураргоҳ эса оддий ҳисоб-китобларга кўра 300−400 та машинани сиғдира олади. “Бу ҳолат "жамоат жойларини машиналардан бўшатиш” ҳақидаги тезисга умуман тўғри келмайди”.
Иссиқ кунларда кундузи ушбу ҳудуднинг марказий қисмида дарахтлар ва соя-салқин жойлар йўқлиги сабабли у ер сайр қилиш учун унчалик қулай эмас. Шу билан бирга, эксперт кечки пайт бу ерда роликларда, скейтбордларда, самокат ва велосипедларда учаётган кўплаб болали одамларни кўриш мумкинлигини тасдиқлади.
“Агар бу ер жамоат майдони сифатида қараладиган бўлса, уни тубдан қайта кўриб чиқиш лозим. Кўкаламзорлаштириш, сояли қилиш ва зоналарга қайта ажратиш керак”, — деди Бобур Сирожев.
Шоҳжаҳон Мажидов тайёрлади.




