Наманганда боғча омбор мудири 5 ёшли қизчани зўрлади
Болага қарши содир этилган мазкур жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни иш очилган ва гумонланувчи шу куннинг ўзида процессуал тартибда ушланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Наманган вилоятидаги давлат боғчасида ишловчи омбор мудири 5 ёшли тарбияланувчи қизни зўрлагани маълум бўлди. Бу ҳақда “Дарё” нашри ўз манбасига таяниб хабар қилди.
Ҳолатни Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ва Болалар омбудсмани вакили ҳам тасдиқлаган.
Нашр маълумотларига кўра, болага қарши содир этилган мазкур жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан Наманган вилояти Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 12 сентябрь куни иш очилган.
“Шу куннинг ўзида гумонланувчи К.М. процессуал тартибда дарҳол ушланган бўлиб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади Болалар омбудсмани ахборотида.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) ва 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
