Ўзбек ҳарбийлари Кореядаги жанговар мусобақада ғалаба қозонди
2023 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур мусобақанинг бу йилги босқичида дастлаб иштирокчилар тоғли, ўрмонли, шаҳар ҳудудларида жанг олиб бориш шартларини бажарди. Сўнгра бир вақтнинг ўзида ҳар уччала ҳудуд шароитида жанг олиб бориш босқичида куч синашди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари Корея Республикасида ўтказилган Халқаро илмий жанговар тайёргарлик мусобақасида муносиб иштирок этиб, ғалабалар билан юртимизга қайтди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу нуфузли мусобақада АҚШ, Озарбайжон, Австралия, Польша каби жами 7 та мамлакатнинг 12 та жамоасидан 500 нафарга яқин иштирокчи ўзаро куч синашди. Бу жараёнларни Туркия, Мексика, Филиппин, Малайзия сингари 8 та давлат ҳарбийлари кузатиб борди.
2023 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур мусобақанинг бу йилги босқичида дастлаб иштирокчилар тоғли, ўрмонли, шаҳар ҳудудларида жанг олиб бориш шартларини бажарди. Сўнгра бир вақтнинг ўзида ҳар уччала ҳудуд шароитида жанг олиб бориш босқичида куч синашди.
.jpg)
Ҳар қандай мутахассисдан катта тажриба ва маҳорат талаб этадиган шартлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун қийинчилик туғдирмади. Улар турли йўналишларда рекорд натижаларни қайд этди. Хусусан, ҳарбийларимиз тоғли ҳудудда мудофаада турган шартли душман кучларини талафотларсиз тўлиқ яксон қилиб, 7 та байроқни қўлга киритди. Шу күнга қадар ҳеч бир жамоа бундай натижани қайд этмаган.
Шаҳар шароитида жанг олиб бориш шартида ҳам мудофааланаётган шартли душманга ҳужум уюштириб, барча объектларни ва 7 та байроқни қўлга киритди. Бу муваффақият ҳам аввал ҳеч бир жамоа томонидан эришилмаган.

Шунингдек, шаҳар шароитида жанг олиб бориш шароитида мудофаа объектларини ушлаб туриш бўйича ҳеч бир жангчини йўқотмаган ҳолда жамоамиз 7 та объект ва барча байроқларни қўлга киритиб, рекордни янгилади.
Умумий ҳисобда 316 балл билан Ўзбекистон фахрли 1-, 212 балл билан Камбоджа 2- ва 192 балл билан мезбон Корея жамоаси 3-ўринни қўлга киритди.
Ҳарбийларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тантанали кутиб олинди.
