Президентнинг Кореяга ташрифи: самимий учрашувлар ва янги режалар
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифидан лавҳалар билан бўлишди. Корея томони Ўзбекистон президентининг давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратган.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига ташрифидан лавҳалар билан бўлишиб, сафар самимий учрашув ва суҳбатларга бой бўлганини қайд этди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи "Марказий Осиё – Корея Республикаси" саммити доирасида Шавкат Мирзиёев минтақа давлатлари раҳбарлари билан мулоқот қилиб, икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликнинг янги режаларини муҳокама қилган.
"Самимий табассумлар ва бемалол суҳбатлар мамлакатларимиз ҳамда уларнинг етакчилари ўртасидаги ўзаро ишончни яққол намоён этади", — деди Асадов.
Президентнинг Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Ли Ук Хён билан учрашуви ҳам алоҳида самимий руҳда кечган. Асадовнинг таъкидлашича, суҳбат давомида ўтган йиллар ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлида биргаликда амалга оширилган ишлар ёдга олинган.

Саммит арафасида яна бир эътиборли воқеа юз берган. Шавкат Мирзиёев Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Спикери учун корейс тилига таржима қилинган "Мирзиёев доктринаси" китобига дастхат ёзиб берган. Президент матбуот котиби буни Янги Ўзбекистон ғоялари ва ислоҳотларига бўлган қизиқишнинг ифодаси сифатида баҳолади.

Асадов, шунингдек, Корея томони Ўзбекистон президентининг давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратганини маълум қилди. Хусусан, Жанубий Кореядаги энг баланд бино — Lotte World Tower ҳамда Сеул телеминорасида Ўзбекистон давлат байроғи тасвирлари намоён этилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи шарафига Ўзбекистон байроғи рангларидаги дирижабль парвоз қилган. Президент қароргоҳи олдидаги фавворада эса Ўзбекистон герби ва байроғи тасвирлари акс эттирилган.
