Глинка кўчасидаги ўпирилиш сабаби маълум қилинди
Ягона ер ости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Тошкентдаги Глинка кўчасидаги ўпирилиш сабаби маълум қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, диаметри 219 мм бўлган ягона ер ости газ қувуридан сизиб чиққан газ иссиқлик тармоғи камерасида тўпланиб, авария ҳолатини юзага келтирган.
Текширув давомида газ қувурининг тахминан 375 кв. см (15×25 см) майдонида бир нечта жойдан газ сизиб чиқаётгани аниқланган.
Айни пайтда соҳа мутахассислари ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотларни батафсил ўрганишда давом этмоқда. Текширув якунлангач, йўл қопламасини тиклаш ишлари давом эттирилади ва яқин вақт ичида йўл транспорт ҳаракати учун очилади.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, айбдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Вазият Тошкент шаҳар ҳокимлигининг доимий назоратидадир, дейилади хабарда.
