platina.uz
Жамият

Президент иштирокида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда

Сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтисодиёт тез суръатларда барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди. Ўтган даврда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиёт 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилади. Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. 

Президент иштирокида давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан давлат мукофотларини топшириш маросими бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда давлат раҳбари йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади.

– 35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди,– деди Президент.

Ушбу ўзгаришларнинг ҳақиқий муаллифи меҳнаткаш ва олийжаноб халқимиз экани таъкидланди.

Давлат раҳбари мустақилликнинг қадр-қиммати қишлоқда ризқ-рўз яратувчи фермер ва деҳқонлар, фарзандларга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийлар, инсон ҳаётини асраётган шифокорлар меҳнатида намоён бўлишини қайд этди.

Шунингдек, илм-фан тараққиётига янги ғоя ва кашфиётлар олиб кираётган олимлар, замонавий корхоналар барпо этаётган саноатчи ва тадбиркорлар, шаҳар ва қишлоқларни обод қилаётган қурувчи ҳамда архитекторларнинг ҳиссасига алоҳида тўхталди. Президентимиз мустақилликнинг куч-қудрати маданият, санъат ва спортни ривожлантириш йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг маҳоратида, ислоҳотлар ижросини ҳар бир маҳалла ва ҳар бир хонадонга етказаётган давлат хизматчиларининг меҳнатида ҳам намоён бўлишини таъкидлади.

Жойларда одамларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштираётган нуронийлар ва маҳалла фаоллари, халқ осойишталиги ҳамда Ватан тинчлигини таъминлаётган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жасорати алоҳида қайд этилди.

– Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси, бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир!– деди мамлакатимиз етакчиси.

Фидойи ва бунёдкор ватандошларимиз, мустақилликнинг энг катта кучи ва таянчи бўлган бутун халқимизга чуқур миннатдорчилик билдирилди.

Президентимиз инсон қадри улуғланган, адолат ва тараққиётга таянган Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидан халқ билан биргаликда дадил борилаётганини таъкидлади.

Сўнгги ўн йилда халқ билан ҳамжиҳат бўлиб амалга оширилаётган ишлар натижасида иқтисодиёт тез суръатларда барқарор ўсиб бораётгани қайд этилди.

Ўтган даврда мамлакатимизга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кирди. Иқтисодиётимиз 2,5 баробардан зиёд кўпайди. Жорий йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

Саноат тармоқлари, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 минг доимий иш ўрни яратилди. Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1 миллион 200 минг ўринли замонавий мактаб, 342 минг ўринли боғча ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилди.

Одамларнинг узоғини яқин қилиш учун 83 минг километр умумий фойдаланишдаги ички йўллар қурилди ва таъмирланди. Ҳудудларда 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кириб борди, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланди.

Ўтган ўн йилда 650 минг оила янги замонавий уй-жойга эга бўлди. Халқимизда «Уйли бўлиш – ватанли бўлиш» деган нақл бор. Шу маънода, камида 2,5 миллион аҳоли ватанли бўлди!

Президентимиз бугун Янги Ўзбекистоннинг овози энг нуфузли минбарларда ҳам баланд янграётганини, давлатнинг халқчил, тинчликпарвар сиёсати дунёда эътироф этилаётганини таъкидлади.

– Ҳеч шубҳасиз, юқоридаги барча ўзгаришлар кўп миллатли халқимиз, сиз каби жонкуяр юртдошларимиз меҳнати билан амалга ошмоқда,– деди давлат раҳбари.

Қайси соҳа ёки вазифада ишламасин, ўз меҳнатининг муносиб эътирофини кўриш ҳар бир инсон учун катта бахт экани таъкидланди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси билан яшаб, сидқидилондан меҳнат қилаётган 558 нафар фидойи инсон юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Президентимиз ҳар бир мукофотланганнинг машаққатли меҳнат йўли, эришган ютуқлари ва юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссасини яхши билишини таъкидлади.

Мукофотланганлар орасида бутун умрини бунёдкорликка бағишлаган хоразмлик отахон Рустам Султонов ҳам бор. У киши табаррук ёшда бўлсалар-да, вилоят нуронийларига бошчилик қилиб, маҳалла ва қишлоқларни обод қилишда ёшларга чинакам ибрат бўлиб келмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid