Жамшид Шаропов Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
У шу пайтга қадар “Агробанк” муаммоли кредитлар билан ишлаш департаменти директори вазифасида ишлаб келаётган эди.

Жамшид Шаропов Бухоро вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - вилоят иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Жамшид Шаропов 1984 йил 27 январда Ғиждувон туманида туғилган. 2005 йилда Бухоро давлат университети, 2009 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги-иқтисодчи.
Меҳнат фаолиятини 2002 йилда АТ “Пахта Банк”нинг Бухоро вилояти бошқармаси банк жараёнлари бўлими иқтисодий бўлинмаси мутахассиси сифатида бошлаб, АТБ “Агробанк” Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи (2014-2020), Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи (2020-2021), Шофиркон тумани ҳокими (2021-2023), АТБ “Агробанк” агросаноат мажмуаси корхоналарини молиялаштириш департаменти директори ўринбосари (2023-2026) лавозимларида фаолият юритган.
Айни пайтга қадар у АТБ “Агробанк” муаммоли кредитлар билан ишлаш департаменти директори вазифасида ишлаб келаётган эди.
